Тест синовлари бошланди

Юртимизда олий ўқув муассасаларининг бакалавриат таълим йўналиши бўйича тест синовлари бошланди.
Олий таълим тизимидаги ўқитишни сифат жиҳатдан янада такомиллаштириш масаласи доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Абитуриентлар учун кўплаб янгиликлар жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан тест синовларини белгиланган талаб ва меъёрлар асосида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тест синовлари ўтказиладиган биноларга бориш йўналишларида йўл кўрсатгичлари ўрнатилиб, ҳар бир ҳудудда тест синовлари жараёни учун зарур ахборот, техник, тиббий ва маиший шароитлар яратилишига жиддий аҳамият берилди. Хусусан, абитуриентларнинг ҳудуд ташқарисидаги ва ичкарисидаги тўпланиш жойларида соя-салқин жойлар – махсус соябонлар, “микроклимат” тизими ташкил этилди.
Йўловчи ташувчи транспортларнинг ўз вақтида ва узлуксиз қатнови таъминланмоқда. Бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчиларининг тест синовларига белгиланган вақтда етиб келишини таъминлаш учун барча ташкилий ишлар – транспорт, йиғилиш жойларини ва вақтини белгилаб олиш каби тадбирлар амалга оширилмоқда. Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларда тиббий навбатчилик йўлга қўйилган. Тест ўтказиладиган бинолар кузатув камералари ва шахсни идентификациялаш воситалари билан жиҳозланди.
Тест синовларининг умумий жараёни ДТМ томонидан рухсат берилган Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши аъзосининг кузатуви остида абитуриентларга халақит бермаган ҳолда биринчи сменада 10:00 дан 10:20 гача, иккинчи сменада 17:00 дан 17:20 гача бўлган вақтларда оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан суратга олинишига рухсат этилади.
Давлат тест маркази маълумотига кўра, республика бўйича жами 60 олий таълиммуассасаси ва уларнинг 30 филиалига кириш учун 1 миллион 66 минг 925 абитуриент рўйхатдан ўтган. Уларнинг 718 минг 97 нафари кундузги таълим шаклига, 13 минг 821 нафари кечки таълим шаклига, 335 мингдан зиёди сиртқи таълим шаклига ҳужжат топширган.

 

Н.УСМОНОВА, ЎзА