Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институтининг 2018/2019 ўқув йили 2-давра 4 ойлик қайта тайёрлаш ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган 55 тингловчига диплом топширилди.
Тингловчиларга назарий билим берилди. Малакавий амалиёт ташкил этилди. Унда асосий эътибор давлат бошқарувининг турли тизимларида раҳбарлик лавозимида ўзини синаб кўриш, раҳбарлик, етакчилик, молиявий ресурсларни бошқариш, мураккаб бошқарув амалиётида қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилди. Шу нуқтаи-назардан, аксарият тингловчилар вазирлик, идора, ташкилот ва ҳокимликларда масъул лавозимларда фаолият юритаётган ходимларга дублёр сифатида юборилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда тингловчиларни хизмат лавозимларини ривожлантириш бўйича давлат ва ҳокимият органлари, вазирлик, идоралар ҳамда жамоат бирлашмалари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этди.
Хуршид Қодиров, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА