Давлат органлари ходимларининг формали кийим-бош кийиб юриши тартибини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.
Қарорга мувофиқ, қуйидаги вазифаларни бажаришда ҳарбий ва идоравий формали кийим-бош кийиб юриш ҳуқуқи белгиланди:
тантанали формали кийим-бош – расмий, байрам, тантанали ва халқаро тадбирларда, суд мажлисларида, ОАВ билан учрашувлар ва интервьюларда, шунингдек, ўқув машғулотларида;
дала формали кийим-бош – ўқув-амалий машғулотлар даврида, фавқулодда вазиятларда, ҳарбий ҳолатда, махсус операцияларни ўтказишда фақатгина Ички ишлар вазирлиги (ИИВ), Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) ва Ҳарбий прокуратура ходимлари томонидан;
махсус формали кийим-бош – вазифаларини бевосита хизмат хоналарида амалга ошириш вақтида ички ишлар органларининг, шунингдек ИИВ ва ДБҚнинг кинология бўлинмалари ходимлари томонидан;
идентификация рақамли металл жетони, фарқлаш белгилари ва идоравий рамзлар акс этган махсус жилетларни – Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочилари ва инспекторлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш жараёнида.
Мазкур тартиб 2020 йилнинг 1 январгача босқичма-босқич жорий этилади.
Давлат органларида кундалик формали кийим-бош кийиб юриш ҳуқуқи фақатгина қуйидагилар учун сақланиб қолинади:
кундалик хизмат фаолиятида бевосита аҳоли билан ишлайдиган ички ишлар органлари бўлинмалари ходимлари;
фаолиятини бевосита божхона постларида амалга оширадиган божхона хизмати бўлинмалари ходимлари;
бўлинмаларнинг соҳасидан қатъи назар ички ишлар органлари ва божхона хизматларининг раҳбарлар таркиби.
ИИВга оммавий ва қишлоқ хўжалиги тадбирларни ўтказишда жамоат тартибини сақлаш, йўл-патруль хизматининг мунтазам постларидаги хизматни ўташда махсус форма кийиб юришга рухсат этилади.
ИИВ ва ДБҚ олий таълим муассасалари курсантлари ва тингловчиларига таълим муассасаси ҳудудида ҳар куни дала (камуфляжли) формали кийим-бош кийиб юришга рухсат этилади.
Бундан ташқари, солиқ ходимлари солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш, солиқ назоратини амалга ошириш ва солиқ қарздорлигини ундириш вақтида идентификация рақамли металл жетонни тақиб юриш қоидалари жорий қилинди ҳамда тантанали ва кундалик формали кийим-бош кийиб юриш тартиби бекор қилинди.
ЎзА