“Арманистонлик сайёҳ нега юртимизга доим ҳам кела олмаслиги сабабини айтди...”

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили 1 миллиард киши жаҳон бўйлаб саёҳат қилади. 
Ўзбекистон ҳам бу индустриянинг ажралмас қисми ҳисобланади. Мамлакатимизга келаётган туристлар учун виза бериш тартиби соддалаштирилгани, уларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тизими электрон шаклга ўтгани каби омиллар қисқа вақтда ўз самарасини бермоқда.
Бу ҳақида бугун Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида бошланган МДҲ мамлакатлари Туризм кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда биринчи туристик ярмаркасида алоҳида қайд этилди.
–Туризм иш ўринлари яратиш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, валюта тушумларини кўпайтириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш каби ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳам бажаради, – дейди Арменистон туризм федерацияси президенти Мехак Апресян. – Ўзбекистонга иккинчи марта келишим. Юртингиз ўзининг маданияти ва урф-одатлари билан дунё халқлари орасида машҳур.
photo5269611516129292180.jpg
Жуда кўпчилик бу ерга келишни истайди. Аммо, транспортнинг ноқулайлиги туфайли кўп ҳам келавермайди. Агар Ереван-Тошкент тўғридан-тўғри йўналиши йўлга қўйилса, кўнглимиздагидек иш бўларди. Арманистон ва Ўзбекистон ўртасида сайёҳлар оқими кенгайган бўларди.
Мехак ўз сўзида Ўзбекистонда зиёрат, агро, гастрономик каби туризм йўналишлари ривожлангани, бу йўналишлар уларда бир йўла, бир-бирига боғлиқ ҳолда ривожланаётгани ҳақида алоҳида эслатиб ўтди.
– Менимча, келган сайёҳлар гуруҳидан бири агрога қизиқса, бошқаси тоғ, вино ёки тиббиёт туризмига қизиқиши мумкин. – дейди меҳмон.
Тадбир доирасида МДҲ давлатлари туристик компаниялари ўртасида элликдан ортиқ шартнома ва битимлар тузилди.
photo5269378849160932049.jpg

 

Сайёра ШОЕВА, ЎзА