Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар узоқ ва яқин хорижий мамлакатларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис чет элда мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатига оид долзарб материалларга талаб ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мамлакатимизнинг етакчи ахборот агентлиги сифатида Президентимиз томонидан барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини изчил ёритиб келмоқда. Мамлакатимиз ҳаётига оид хабар, мақола ва таҳлилий материаллар хорижий оммавий ахборот воситалари эътиборидан четда қолмаяпти.
Бугунги кунда қўшни Қозоғистон Республикасининг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳаётига оид янгиликларни ЎзА сайтидан олиб, мамлакат халқи ва бутун дунёга тарқатмоқда. Хусусан, Қозоғистоннинг етакчи давлат ахборот агентлиги ҳисобланган “Казинформ” ХАА, шунингдек, “Ulus.kz”, Nur.kz интернет-порталларида, қатор газета ва журналлар веб-сайтларида Ўзбекистон ҳаётига оид янгиликлар мунтазам эълон қилинмоқда.
Маълумки, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг шу йил апрель ойида мамлакатимизга давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг www.uza.uz сайтида қозоқ тили версияси ишга туширилган эди. Бу янгилик Қозоғистон Президентининг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифаларида эълон қилинди. Шу билан бирга, “Казинформ” ва бошқа ахборот агентликлари ЎзАнинг ушбу ташаббусини кенг ёритди.
ЎзА тарқатаётган Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларига оид янгиликлар «Казинформ» халқаро ахборот агентлигининг доимий эътиборидаги мавзулардан ҳисобланади. «Казинформ» ЎзАнинг ахборот ҳамкори бўлиб, 2017 йил сентябрь ойида икки ахборот агентлиги ўртасида меморандум имзоланган.
Бугунги кунда «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги сайтида “ЎзА хабар қилади” номли рукн ташкил этилган. Тошкентда “Тенге банк” иш бошлагани, Ўзбекистон ва Қозоғистон олий ўқув юртларида ҳамкорликда кафедралар ташкил этилиши тўғрисида битим имзолангани, юртимиз театрларида “Абай” спектакли ўзбек тилида намойиш этилаётгани, Тошкент ва Нурсултон шаҳарлари ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилгани каби хушхабарлар “Казинформ” сайтида ушбу рукн остида берилди.
Қозоғистон нашрлари нафақат мамлакатларимизнинг турли соҳаларга оид ҳамкорлик алоқаларини, балки Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларга қозоғистонликлар катта қизиқиш билдираётганини ҳам ёритиб келмоқда. Мисол учун, “Ўзбекистонга беш ой ичида 1,3 миллион турист келди” номли таҳлилий мақола ЎзА ва «Казинформ» ахборот агентликларининг ўзаро ахборот алмашуви борасида навбатдаги қадам ташланганини исботлайди.
Ўйлаймизки, ахборот соҳасидаги ушбу ҳамкорлик халқларимиз ўртасидаги маданий алоқалар янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Шерали ОТАБОЕВ, ЎзА