Пойтахтимизда Ўзбекистон – Хитой ишбилармон доиралари бизнес учрашуви ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг озиқ-овқат, электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, машинасозлик, кўчмас мулк, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, энергетика, тиббиёт, транспорт ва логистика соҳаларида фаолият юритувчи компания ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Унда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик салоҳияти намойиш этилди. Иштирокчилар Ўзбекистондаги инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва тадбиркорлар ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилди.
Тақдимот доирасида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь хоним сўзга чиқиб, бугунги кунда Ўзбекистон – Хитой муносабатлари нафақат сиёсий, савдо-иқтисодий, балки илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳам ривожланиб бораётганини қайд этди.
Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, қулай жўғрофий жойлашуви, замонавий транспорт коммуникациялари, сармоя жалб этиш бўйича пухта ва ишончли стратегияси кўплаб давлатлар қатори Хитой ишбилармонларининг ҳам ҳамкорликка қизиқишини оширмоқда.
Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 1 минг 16 корхона фаолият кўрсатмоқда. Шундан 116 таси тўлиқ Хитой сармояси иштирокида ташкил этилган. Улар нефть-газ, нефть-кимё, кон-металлургия, фармацевтика, транспорт, савдо, тўқимачилик, қурилиш, телекоммуникация каби соҳаларда иш юритаётир. Ўтган йили Хитой сармоялари иштирокида амалга оширилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 2,5 миллиард доллардан ошди.
Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш натижасида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2018 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 6,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Тадбирда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга экани алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга Хитой иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
– Бугунги тадбирда Хитойнинг 20 га яқин йирик компанияси вакиллари ўзларининг ҳамкорликда амалга оширишга қаратилган қўшма лойиҳалари билан иштирок этди, – дейди Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Ғафуржон Усмонов. – Шу билан бирга мамлакатимизнинг инвестицион салоҳиятини намойиш этувчи тақдимотлар ҳам бўлиб ўтди. Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари хитойлик инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Учрашув чоғида Ўзбекистон миллий маҳсулотларини Хитой бозорларига олиб кириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Тадбир якунида ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА