Ҳавонинг ифлосланиши болаларнинг ақлий ривожланишига таъсир қилмоқда

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси аҳолини атроф-муҳит муҳофазасига жалб қилиш масалаларига бағишлаб анжуман ўтказди.
5 июнь – Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда асосий эътибор инсоният саломатлиги учун катта хавф юзага келтираётган саноат, транспорт, чиқиндилардан атмосфера ҳавосига тарқалаётган зарарли моддаларни камайтириш борасида олиб борилаётган ишлар натижасига қаратилди.
Маълумки, қум-туз бўронлари ва бошқа табиий жараёнлар табиатга жиддий зарар етказмоқда. БМТ маълумотига кўра, ҳар йили 7 миллионга яқин одам ифлосланган ҳаводан нафас олиши туфайли вафот этади. Жаҳон банки эса мамлакатларнинг ҳаво ифлосланишидан кўраётган зарари 5 триллион АҚШ долларини ташкил қилаётганини таъкидламоқда. Шифокорлар фикрича, ҳавонинг кескин ифлосланиши оқибатида инсонда астма сингари сурункали касалликлар ривожланиб, болаларнинг ақлий ривожланиши пасаймоқда.
Тадбирда мазкур ҳолатларнинг олдини олиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, экологик таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айни пайтда мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.
Хусусан, Орол денгизининг суви қуриган тубидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг зарраларининг салбий таъсирини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар“ – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш самарали ташкил этилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Келгусида бу ерда 500 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиши кўзда тутилган.
Ҳозирда Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга қадар бўлган даврда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Миллий концепциясини ишлаш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Атроф-муҳит ҳолатининг жорий таҳлили, глобал ва минтақавий масалалар, янги экологик хавфлар мамлакатимиз тарихида биринчи мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишни тақозо этди. Экологик муаммоларнинг тобора глобал аҳамият касб этиб бораётгани инобатга олиниб, сўнгги йилларда муҳим устувор вазифалар билан бир қаторда атроф-муҳит муҳофазаси, экологик маданият, экологик таълим-тарбия масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.
Тадбирда журналистлар мазкур масала юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

 

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА