Оролбўйида умумий ўрта таълим мактабларини 14 минг нафар ёш тамомламоқда

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси умумий ўрта таълим мактабларининг 11 синфини 14 минг нафардан зиёд ёш тамомламоқда. Барча таълим муассасаларида “Менинг мактабим – менинг уйим” шиори остида 2018-2019 ўқув йилининг якуни ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбири бўлиб ўтди.
Мана шундай тадбир Нукус шаҳридаги 37-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам ўтказилди Унда мактаб директори М.Досназаров, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, III даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби А.Тажимуратова, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари халқ таълими аълочиси С.Юлдашева, Қорақалпоғистон Республикалари халқ таълими аълочиси З.Утегенова, ота-оналар номидан Ж.Тангирбергенова ва бошқалар давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшларимизга муносиб билим бериш, уларни буюк аждодларимизга муносиб инсонлар этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди.
7.JPG
Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бугунги кунда 2366 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган бўлса, шундан 71 нафар ёш 11-синфни тамомламоқда. Иқтидорли ўқувчилардан Ерназар Айтеков ҳамда Динмухаммед Турдимуратов Тошкент шаҳридаги Инха университетининг, Азизбек Бердиев эса Санкт-Петербург технология университетининг муддатидан олдин талабалари бўлишга эришди.
8.JPG
9.JPG
Мактаб ўқувчилари фан олимпиадаларида, кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Малика Казиева физика фани бўйича халқаро инновацион олимпиадасида ғолиб бўлган бўлса, Дилноза Турғанбоева академик эшкак эшиш, Бийбихонум Хуррамова каратэ, Сарбиноз Салиева бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон чемпионатларида совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди.
– Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимнинг жорий этилиши биз учун катта совға бўлди, – дейди мактаб битирувчиси Диана Жиенбоева. – Келажакда ўқишни олий таълим муассасасида давом эттириб, устозлар ва ота-оналаримиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.
10.JPG
12.JPG
Тадбир якунида фан олимпиадалари, кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаган ҳамда ўзининг намунали хулқи билан бошқаларга ўрнак бўлган бир гуруҳ ўқувчиларга Фахрий ёрлиқлар, ота-оналарга ташаккурномалар топширилди.

 

Давуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА