Вобкент туманида 136 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Туманда ўтган йил бир қатор кичик бизнес субъектлари иш бошлади.
“Ekvatorial chodak group” корхонаси шулардан бири. Корхонани ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг 3 миллион доллар кредити ҳамда лойиҳа ташаббускорларининг 2 миллион доллар миқдоридаги маблағи сарфланди. Корхонанинг умумий ер майдони 3,5 гектар.
Корхонага Япония, Италия, Туркия ва Хитойдан турли операцияларни бажара оладиган ва ишни конвейер асосида ташкил этиш имконини берадиган 500 дан зиёд замонавий тикув машинаси ҳамда бошқа тегишли дастгоҳлар ўрнатилган. Йилига 1 миллион 500 минг донагача эркаклар жинси шимлари ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Айни кунда корхонада 500 нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
Корхонада ишчиларнинг самарали меҳнат қилиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Ошхона фаолияти ва олисдан қатнаб ишловчилар учун транспорт хизмати йўлга қўйилган.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг таннархи кўп омилларга, жумладан, барча технологик жараёнлар корхонанинг ўзида бажарилишига ҳам бевосита боғлиқ. Бу борада корхонада кийим-кечакларни бўяш ва уларга қайта ишлов бериш цехи ташкил этилган. Қолаверса, цех вилоятдаги турдош корхоналарга шартнома асосида уларнинг маҳсулотларини бўяш ҳамда хизмат кўрсатиш ҳисобига, қўшимча фойдага эга бўлади. Яқинда иш бошлаган пойабзал ишлаб чиқариш цехи Италияда ишлаб чиқарилган энг замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган. У йилига бозорга 600 минг донагача маҳсулот етказиб беради. Лойиҳа қуввати тўла ўзлаштирилгач, ишчи-мутахассислар сони қарийб мингтага етади.
Албатта, корхонанинг истиқболи кўп жиҳатдан унинг экспорт салоҳиятига боғлиқ. Келгусида корхона маҳсулотларини Қозоғистон ва Россияга экспорт қилиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари технологик жараёнлар билан танишиб, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди. Корхона ишчилари билан мулоқот қилди. Иқтисодий соҳадаги барча чора-тадбирлар, саъй-ҳаракатлардан мақсад халқимизни рози қилиш, аҳолини, хотин-қизларни иш билан таъминлаш эканини таъкидлади.
Шу ерда келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтириш, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА