Тожикистонда хусусий АЁҚШ сотилишидан тушган маблағ Роғун ГЭСига сарфланади

“Умед-88” компаниясининг Тожикистон шимолидаги иккитаавтомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси 5 млн. 260 минг сомони ($554 мингга яқин.)га сотилди.
Жаббор Расулов ва Бобожон Ғофуров туманлардаги АЁҚШларни сотиш бўйича аукционлар бир йил муқаддам ташкил қилинган Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Ижро хизмати томонидан ўтказилди.
Аукциондан тушган пуллар Роғун ГЭСи қурилишига йўналтирилади, дея маълум қилди 4 март куни Ижро хизматининг Сўғд вилоятидаги бошқармаси бошлиғи Алижон Амонзода.
Тожикистон шимолида “Умед-88” компаниясининг яна бир нечта АЁҚШи ва нефть маҳсулотлари омбори бор.
“Касодга учраган компания мулкларининг умумий баҳоси тахминан 26 млн. сомони ($2,7 млн. кўпроқ)ни ташкил қилади. Бўстон шаҳри ҳудудидаги 7 гектарли боғ билан нефть маҳсулотлари омборининг нархи 16 млн. 600 минг сомони туради“, дейди Алижон Амонзода.
2015 йилнинг баҳорида қишлоқ хўжалигини дизель ёқилғиси билан таъминлаш учун “Умед-88“ компанияси Тожикистонда АЁҚШлар тармоғини ривожлантириш мақсадида 19,4 миллион доллар миқдорида кредит олган эди. Тожикистон Молия вазирлиги “Роғун ГЭС“и ОАЖ ва “Умед-88“ ОАЖ уч томонлама кредит Битимини имзолаган эди. Олинган кредит пуллари 2015 йил охирларигача қайтарилиши керак эди, аммо қарзлар қайтарилмади.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда Молия вазирлигини “Умед-88”га тушунарсиз бўлган йўллар билан давлат бюджетидан 170 миллион сомони (19,4 миллион доллар) берганини кескин танқид қилганидан кейин“Умед-88” эгаси Ражабали Одинаев ва “Умед-88” компанияси директори Идибек Ибрагимов 2017 йилнинг кузида ҳибсга олинди. Давлат раҳбарининг сўзларига қараганда, бу маблағларни “Умед-88” ОАЖ икки йилдан бери қайтара олмаган.
Ўтган йилнинг 17 сентябрь куни Тожикистон Олий суди “Умед-88” компанияси эгаси Ражабали Одинаевни 24 йил муддатга колонияга ҳукм қилди. Ражабали Одинаев катта миқдорда берилган кредит маблағларини ўзлаштириш, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш, шунингдек, давлат маблағларини талон-торож қилиш ва ўзлаштиришда айбланди. Худди шу каби айблар “Умед-88” компанияси директори Идибек Иброҳимовга ҳам қўйилди. У 22 йилга ҳукм қилинди.
Суд ҳукмидан кейин компаниянинг мулклари сотила бошланди. Ражабали Одинаев ва Идибек Ибрагимовнинг қариндошлари тергов вақтида бир неча бор компания ва ўзларининг шахсий мулкларини сотиш ҳисобидан Молия вазирлигидан олинган қарзларни фоизлари билан тўлашларини айтишган эди. Бироқ, уларнинг илтимослари эътиборсиз қолдирилди.
“Умед-88” компаниясига 1996 йилда Ражабали Одинаев томонидан асос солинди. Компания Россия, Қозоғистон ва Туркманистондан ёқилғи олиб келиш билан шуғулланади. Мамлакат бўйича компаниянинг 70га яқин АЁҚШи фаолият кўрсатарди.

 

ЎзА