Қорақалпоғистондаги «динозавр тухумлари»ни кўрганмисиз?

АФСУСКИ, МАНА ШУНДАЙ АЖОЙИБ МАСКАНЛАРДАН ТУРИСТИК САЛОҲИЯТИНИ КЎТАРИШ МАҚСАДИДА ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИЛМАЯПТИ
Нукусдан 30 км. олисда жойлашган Амударё туманидаги ушбу тошлар Тэтис уммони эсдаликларидир.
Қорақалпоғистоннинг Амударё туманига қарашли «Назархан» ОФЙ ҳудудида, Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу автотрассасининг бўйидаги тепаликда юзлаб сочилаётган шарсимон тошларни кўп маротаба кўрсак ҳам лекин унга унчалик эътибор қаратавермаймиз. Дунёнинг баъзи давлатларида шу каби тошларни оғзаки тилда «динозавр тухумлари» дейишади.
Бу каби тошларни бежизга динозавр тухумига қиёсламайди. Маълумотларга кўра, уларнинг ёши 50-60 млн. йилни ташкил қилади.
Фанда Моераки тошлари деб ном берилган шарсимон тошлар геологик нуқтаи назардан олиб қараганда, кальций билан океаннинг минераллашган тузларининг ҳамда созли тўпроқнинг бирикишидан ҳосил бўлади.
2e2fdb1a-74fe-4361-9e65-db675cddf263.jpg
Нукусдан 30 км. олисда жойлашган Амударё туманидаги ушбу тошлар Тэтис уммони эсдаликларидир. Миллион-миллион йиллар авваллари уларнинг диаметри 2-2,5 метр катталикда бўлган. Вақт ўтиши билан емирилиб, қобиқларини ечиб ташлаб кела берган. Ҳозирда буларнинг диаметри 0,3-0,5 метрлар атрофида. Бу каби шарсимон тошлар ҳозирда Янги Зеландия оролларида, Австралияда ва Қозоғистоннинг Манқишлоқ вилоятларида ҳам учрашади ва туристларнинг севимли объектларига айланган.
Назархан ОФЙ турғуни Онгарбай оғанинг таъкидлашича, шундай шарсимон тошлар ҳудуддаги бошқа жойларда ҳам кўплаб учрашади. Агар ушбу тошларнинг таги ковланса, қозондек келадиган қобиқлари чиқади. Маҳаллий аҳоли эса у қобиқларни уйларининг фундаментига фойдаланиш учун қазиб олмоқда.
Баҳор келиши билан ушбу ҳудудлар ўзига хос ажойиб манзара ҳосил қилади. Сайёҳатга чиқувчилар тошлар қошида селфига тушади. Нукуслик олим Юсуп Камалов эса кун илиши билан «динозавр тухумлари» сочилган тепаликларда дельтапланда учишни хўш кўради. Ёз ойларида эса яқин жойлардаги тузли кўлларда одамлар даволаниш учун ташриф буюради.
Афсуски, мана шундай ажойиб масканлардан туристлик салоҳиятни кўтарищ мақсадида оқилона фойдаланилмаяпти.

 

Е.Қаноатов, ЎзА