Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 апрелдаги “Ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5012-сон ва 2017 йил 31 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-4996-сон фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2887-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, экспорт-импорт операцияларини бошқариш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, 2017 йил 10 ноябрдан бошлаб:
ушбу Фармонга 1-иловага киритилган махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи савдо фаолияти, иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти томонидан амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ёки Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ёхуд Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) томонидан ёки унинг кафолати остида жалб этилган кредитлар (қарзлар) (тижорат банклари томонидан қайта молиялаштириладигани бундан мустасно), шунингдек, устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил қиладиган хўжалик субъектлари ва устав капиталидаги улушнинг 50 фоизидан ортиғи устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил этадиган хўжалик субъектларига тегишли бўлган юридик шахслар маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган ҳамда тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича тузилган ва битта шартнома бўйича суммаси 100 минг АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқни ташкил этадиган импорт шартномалари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан экспертизадан ўтказилади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ёки Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ёки Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) томонидан ёхуд унинг кафолати остида жалб этилган кредитлар (қарзлар), шунингдек, устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил этадиган хўжалик субъектлари ва устав капиталидаги улушнинг 50 фоиздан кўпроғи устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил этадиган хўжалик субъектларига тегишли бўлган юридик шахслар маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган, битта тендер (танлов) бўйича суммаси 100 минг АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқни ташкил этадиган тендер (танлов) савдолари доирасида тендер (танлов) ҳужжатлари экспертизаси ёки тендер (танлов) таклифларини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади. Бунда тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича тузилган импорт контрактлари қўшимча экспертизадан ўтказилмасдан ҳисобга қўйилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигига:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари ва ҳукуматлараро битимлар асосида тузилган;
ушбу Фармонга 2-иловага киритилган товарларни (ишлар, хизматларни) экспорт қилишга контрактларни (шартномаларни) рўйхатдан ўтказиш юклансин, биржада тузилган контрактлар (шартномалар) бундан мустасно.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилишга лицензиялар бериш тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Импорт контрактларини ва тендер (танлов) ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, шунингдек, тендер (танлов) таклифларини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Экспорт контрактларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Н.С.Отажонов, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Э.М.Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси А.И.Ахмедходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 3 ноябрь