Мигрантлар нега сарсон бўлишмоқда?

ОНЛАЙН. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Мигрантларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш” мавзусига бағишланган 3 кунлик семинар-тренинг ўтказилмоқда. 
Олмаота шаҳридан 
ЎзА мухбири хабар қилади
Тадбирда Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатларининг ОАВ ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашмоқда.
Қозоғистоннинг Актўбе шаҳри РИКА-ТВ телекомпаниясида фаолият юритувчи журналист Марина Васильевна:
“Ўзбекистондан Қозоғистон орқали Россияга кетаётган мигрантлар Актўбенинг совуқ шароитини ҳисобга олмайдилар. Оқибатда улар йўлда кўп қийинчиликларга дуч келишмоқда. Шунингдек, аксарият ўзбекистонлик мигрантлар қонунни бузганликлари сабаб Россияга вақтинча кириш улар учун тақиқланганини билмаган ҳолда йўлга отланадилар. Россия чегарасига етиб келгач эса, ҳужжатлари тақиқда эканлигидан хабар топиб, ортга қайтишга мажбур бўладилар. Чегарадаги паспорт текширувларида ҳар бир одам камида 20 дақиқа қолиб кетади”, дейди Марина Васильева.
Ўзбекистонлик мигрантлар орасида катта даромад ва яхши иш излаб, ноқулай шароит ва қулликка дучор бўлаётганлар ҳам бор. Мисол учун, 2018 йилда 150 нафар наманганлик Россиядан Ўзбекистонга қайтарилган. Бу ҳақда “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти вакили Саидахон Алимова маълум қилди. Алимованинг айтишича, улар алдов йўли билан Россияга музлатгичли камераларда ишлаш учун олиб кетилган. Ўзбекистоннинг “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилотининг ёрдами билан улар Ўзбекистонга қайтарилган.
Халқаро миграция ташкилоти томонидан ташкиллаштирилган Марказий Осиё журналистлари иштирокидаги семинар давом этмоқда. Унда кўтарилган муаммолар ва мигрантлар ҳақидаги маълумотлар билан таништириб боришда давом этамиз. Бизни кузатиб боринг.​​

 

ЎзА