Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида​

2019 йил 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати Кенгаши аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, вазирликлар, идоралар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масаласи муҳокама этилди.
Сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида мамлакатимизда маҳалла институти фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ишончли пойдевор ва таъсирчан кучга айланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилаётганини таъкидладилар. Натижада жамият ҳаётининг самарали миллий шакли ҳисобланган мазкур ноёб тузилма мамлакатимизда амалга оширилаётган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлди ва аҳолининг кенг қатламларини давлат ҳокимияти органлари билан боғлаб турувчи мустаҳкам кўприкка айланди. Сўнгги йилларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимини такомиллаштириш, маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирчанлигини янада кучайтириш, ваколатларини кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Қайд этилганидек, бу галги фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови жамиятни янада ислоҳ қилиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизациялаш шароитида бўлиб ўтади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, 2018 йилнинг октябрида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) уч йил муддатга сайланиши, яширин овоз бериш, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссиясининг ваколатлари, фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши лозимлиги каби янги қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди.
Муҳокама чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши аъзолари қайд этганидек, мамлакатимизнинг 9019 та маҳалласида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)ни сайлаш жараёнида фуқароларнинг иштирок этиш конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, сайлов жараёнига ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб қилиш, сайловнинг барча иштирокчилари амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига, шу жумладан, ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи тамойилларига сўзсиз ва қатъий риоя этишини таъминлаш, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) лавозимларига кўрсатиладиган номзодлар, уларнинг ишчанлиги ва ахлоқий фазилатлари билан фуқароларни ҳар томонлама таништириш бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги энг муҳим талаблар ва аниқ мақсадга қаратилган вазифалар ҳисобланади.
Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокама якунлари бўйича аввалги сайловларда орттирилган тажриба ва қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови жорий йил май ойида ўтказилади. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига доир сайлов бюллетени намунаси тасдиқланди. Шунингдек, Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

 

ЎзА