2019 йил 15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар.
Ушбу масала дастлаб сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг мажлисларида батафсил муҳокама қилинган эди. Муҳокамалар чоғида депутатлар томонидан Ҳаракатлар стратегияси ва уни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида белгиланган вазифаларни ҳал этишда Омбудсманнинг бевосита иштирок этиши орқали унинг фаолияти сифатини оширишга қаратилган таклифлар билдирилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили У.Муҳаммадиев ҳисобот билан сўзга чиқди.
Омбудсман фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг инсон ҳуқуқларига оид нормаларини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши тўғрисида депутатларга батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз учун 2018 йил инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, халқимизнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга йирик воқеаларга бой кечди. Ҳисобот йилида айни йўналишда 60 та қонун ва 2 мингдан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани ва улар парламент ҳамда жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга, қулай инвестиция муҳитини яратишга, таъсирчан ижтимоий сиёсат олиб боришга кўмаклашаётгани ҳам бунинг яққол тасдиғидир.
Омбудсман 2018 йилда ҳам Олий Мажлис томонидан қабул қилинган қонунларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишнинг барча босқичларида фаол қатнашди. Омбудсманнинг назорат-таҳлил фаолиятига доир материалларидан парламент эшитувлари жараёнида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотларини муҳокама қилиш чоғида кенг фойдаланилди.
Оила институтини мустаҳкамлашга, ёшлар камолоти учун энг яхши шарт-шароитлар яратишга, аҳолининг заиф қатламларига ғамхўрлик қилиш, шу муносабат билан “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz” каби мақсадли дастурлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот йилида инсон ҳуқуқлари устуворлиги принципи БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан ҳамкорлик қилиш, дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича ихтисослашган дастурларда ўз аксини топди. Айниқса, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигини нишонлаш дастурини Ўзбекистонда амалга оширишда Омбудсман фаол иштирок этди.
Алоҳида қайд этилганидек, ўтган йил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларни ривожлантириш тарихида яна бир жиҳати билан ёрқин из қолдирди. Яъни, БМТнинг Париж принципларига ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари кучайтирилди. Қийноққа солишнинг ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олишда Омбудсман ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини кучайтириш тўғрисида 2018 йил 25 декабрь куни қонун қабул қилинди. Шу билан бир қаторда, Омбудсман фаолиятининг қонун ҳужжатларида белгиланган йўналишларидан келиб чиқиб, Омбудсман Котибиятининг штати икки баравар кенгайтирилди ва унинг янги ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Омбудсман томонидан 2017 йилда жорий этилган қонунчилик ваколатлари муваффақиятли синовдан ўтказилди. Парламент палаталари қўмиталарига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг хабарларини улар томонидан эшитиш тўғрисида таклифлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишини, бунга имконият яратадиган сабаб, шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига тақдимномалар, фаолиятида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш ҳақида илтимосномалар, давлат божи тўламай судларга фуқаролар манфаатларини кўзлаб ариза ва даъволар киритишга доир ҳуқуқлар амалга оширилди.
Омбудсман томонидан фаолиятнинг бош йўналиши сифатида қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам изчил ишлар олиб борилди. Тасдиқланган “Қийноққа солишнинг ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олишга доир назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш жадвали” доирасида миллий превентив механизм мандати билан қамраб олинадиган 70 дан ортиқ муассасага йил давомида парламент палаталари билан биргаликда мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Мазкур ташрифларда депутатлар корпуси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, “Human Rights Watch” халқаро жамоат ташкилоти ва БМТ Болалар жамғармаси вакиллари қатнашди.
2018 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 10 832 та (2017 йилда – 9 074 та) мурожаат келиб тушди. Уларнинг 37 фоизи инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 34,9 фоизи ижтимоий, 25,1 фоизи иқтисодий, 2,3 фоизи сиёсий ҳамда 0,7 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.
Омбудсманнинг халқаро алоқаларида ҳам жонланиш кузатилди. Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан 2 та халқаро тадбир ташкил этилди. Хорижий давлатларнинг 22 нафар омбудсмани билан, шунингдек, халқаро ва хорижий институтларнинг 17 та делегацияси билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон тажрибасини кенг тарғиб этиш имконини берди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро институтлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Омбудсман 2018 йилда Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари Глобал альянсининг Женевадаги БМТ Миллатлар саройида ўтказилган мажлисида илк бор кузатувчи сифатида иштирок этгани мамлакатимизнинг айни соҳадаги ислоҳотлари жаҳон миқёсида эътироф этилаётганидан далолатдир.
Омбудсман ҳисоботини муҳокама қилиш мобайнида сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Улар томонидан давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ҳамда 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқувчи вазифаларни амалга оширишга доир тавсия ва таклифлар билдирилди.
Бир сўз билан айтганда, Омбудсманнинг 2018 йилдаги фаолиятига доир ҳисобот танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Шундан сўнг муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси
Матбуот хизмати
ЎзА