Туғилганликни қайд этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди

Эндиликда туғилганликни қайд этиш бўйича давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари орқали марказ биносида жойлашган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлинмалари томонидан кўрсатилади. Бу Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот“ телеграм каналида маълум қилинди.
Туғилганликни қайд этиш бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги Давлат хизматлари марказида ота ёки онанинг ўзи келган тақдирда амалга оширилади ҳамда марказ ходими томонидан электрон шаклда сўровнома тўлдирилади.
Сўровномага туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома илова қилиниши лозим.
Давлат хизмати учун амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида, яъни 30 409 сўм герб йиғими ундирилади.
Марказ ходими томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб 2 соатда тегишли ФҲДЁ бўлинмаларига тақдим этилади. ФҲДЁ бўлинмалари ҳужжатларни олганидан сўнг 2 иш кунида болага нисбатан туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини расмийлаштиради ҳамда 1 соатда Давлат хизматлари марказига юборади.

 

ЎзА