Давлат хизматлари маркази ходимлари учун махсус форма яратилди

15 февралдан бошлаб Давлат хизматлари маркази ходимлари ташриф буюрувчиларни махсус униформада кутиб олишади.
Давлат хизматлари агентлиги томонидан бугунги кунда давлат хизматларини кўрсатишнинг янги стандартларини жорий этиш учун саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Ташриф буюрувчи марказга келганда, биринчи бўлиб эътибори — бу ходимларнинг ташқи кўриниши, уларнинг муомала маданиятига эътибор қаратишади. Шу боис, бугунги кунда давлат хизматлари марказларига ташриф буюрган ҳар бир шахс ўзини қулай, уларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олинаётганлигини ҳис этишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Униформани ишлаб чиқишда мутахассислар ҳар бир ходимнинг индивидуал имиджи — ташкилот ҳақида умумий баҳо берувчи ягона корпоратив элементи эканлигини асос қилиб олдилар.
Янги форма ходимларнинг қатъияти ва ишчанлигига урғу бериб, қулай ва ихчам. Униформа комплектлари ўз ичига махсус каштага эга пиджак ва нимча, шунингдек, эркакларда тўплам билан битта рангдаги галстук ва шим, аёлларда учбурчак бўйин рўмоли ва юбкаларни қамраб олади. Умуман олганда, Давлат хизматлари марказлари ходимлари ўз касбларига муносиб кўринишда бўлади.
Эслатиб ўтамиз, авваллари биз Марказлар ходимлари учун тасдикланган тамойиллар ҳақида айтиб ўтганмиз. Умид қиламизки, муносиб ташқи кўриниш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатишнинг мутлақо янги формати мавжуд бўлган бюрократ-амалдорлар стереотипини йўқ қилиб, халққа очиқ бўлган давлат хизматчилари янги тимсолини яратишга ёрдам беради.​​

 

ЎзА