Мамлакатимиз ҳунармандлари Ҳиндистоннинг Харьяна штатидаги Фаридобод шаҳрида “Surajkund International Crafts Mela 2019“ 33 – маданият фестивали ва ҳунармандчилик ярмаркасида иштирок этмоқда.
“Ҳунарманд” уюшмаси ахборот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, Осиёдаги энг йирик ҳисобланган мазкур фестиваль 1987 йилдан буён ўтказилиб келинади. Ҳар йили миллиондан зиёд меҳмон Ҳиндистон ва хорижий мамлакатларнинг анъанавий ҳунармандчилик маҳсулотлари, маданияти, анъанавий ҳунармандчилик маҳсулотлари, анъаналари ва санъати билан танишиш мақсадида бу ерга ташриф буюради.
Ҳунармандчилик ярмаркасида айни пайтда дунёнинг 30 ортиқ мамлакатларидан вакиллар иштирок этмоқда.
– Ушбу ярмаркада ёғоч ўймакорлиги, адрас, атлас, миллий либослар миллий тақинчоқлар йўналишида 36 турдаги маҳсулотлар билан иштирок этяпмиз, – дейди уюшма қошидаги “Craft and Art” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зафар Акбаров. – “Surajkund International Crafts Mela 2019“ каби йирик тадбирларда иштирок этиш ушбу тадбир меҳмонларини Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан таништириш учун ажойиб имконият яратади.
Ўзбекистон делегацияси кулолчилик, каштачилик, ва заргарлик буюмлари, ёғоч ўймакорлиги каби соҳаларда маҳорат дарслари ҳам ўтказмоқда. Тақдим этилган асарлар ўзбек халқининг маърифати, анъаналари, тарихи ва маданиятининг гўзаллиги ва кўп қирралари эканлиги намойиш этмоқда.
Мазкур нуфузли фестиваль жорий йилнинг 17 февралига қадар давом этади.
Даврон Суннатов, ЎзА