Нукус шаҳрининг 59 та маҳалласи доимий назоратда бўлади

Энди Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари, Миллий гвардия, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат тарғибот гуруҳлари Нукус шаҳрининг 59 та маҳалласида фаолият юритади.
Ушбу гуруҳлар ўзларига бириктирилган маҳаллаларда уюшмаган ёшлар, нотинч оилалар билан алоҳида иш олиб боради. Уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш билан бирга маънавий, маърифий, ҳуқуқий, ҳарбий-ватанпарварлик мавзуларида тадбирлар ҳам ўтказади.
ABBM8371.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Маҳаллалар аҳолиси, таълим муассасалари талаба ва ўқувчи-ёшлар ўртасида жиноятчилик содир бўлишининг олдини олиш, ватанпарварлик тарбияси ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида тарғибот-ташвиқот гуруҳлари ташкил қилинди.
Шу куни Нукус шаҳрининг Гулзор маҳалласига бириктирилган тарғибот гуруҳи бир неча хонадонда бўлиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганди, ёшлар билан суҳбат ўтказди.
Нукус шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида психолог лавозимида ишлаётган Венера Сеитмуратова охирги бир ойда шаҳарда жамоат тартибини сақлаш борасида сезиларли ишлар қилинаётганини айтиб, Ватан ҳимоячиларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 

ЎзА