Анжуманда дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда

Пойтахтимизда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари: илк натижалар ва келгуси режалар” мавзусидаги халқаро анжумани бошланди.
 
У Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, “Yuksalish” умуммилий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури, Швейцария Конфедерацияси ҳамда АҚШ давлат департаменти каби халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Халқаро анжуманда 250 дан зиёд соҳа мутахассислари – маҳаллий ҳокимият, мутасадди вазирлик ва идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, экспертлик ҳамжамияти ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
Кун давомида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ўтган йилда амалга оширилган ишлар, қишлоқ ҳудудларида сармоявий лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишга фуқароларни жалб қилиш, ташкилий механизмлар ва молиялаштириш бўйича мақсадли жамғармаларни шакллантириш каби масалалар муҳокамада бўлади.
Давлат бошқарув органлари, хусусий сектор ва фуқароларнинг ҳамкорлиги асосида аҳоли турмуш даражасини ошириш борасидаги вазифалар муҳокама қилинади. Хўш, бу борада хорижий экспертлар нима дейди?
Сайтимизни кузатиб борсангиз, уларнинг фикрлари ва таклифларини билиб оласиз.

 

Сайёра Шоева, ЎзА