Марказий Осиёда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва яшил иқтисодиётни илгари суриш минтақада экологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу маънода минтақа давлатлари ҳамкор мамлакатлар ва донор ташкилотлар билан биргаликда қатор саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда.
Тошкентда 24 январь куни ташкил этилган Атроф-муҳит ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» юқори даражадаги VI конференция ҳам ана шундай йўналишдаги ҳамкорлик учун қулай платформа ҳисобланади.
Унда Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон делегациялари, шунингдек, Италия, Франция, Буюк Британия, Латвия, Словакия, Венгрия, Чехия, Руминия каби Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ташкилотлари аъзолари, БМТнинг ушбу йўналишдаги тузилмалари, ЕТТБ ва Европа Иттифоқи мутахассислари, халқаро таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров, Европа ташқи алоқалар хизматининг Марказий Осиё бўйича департаменти бошлиғи ўринбосари Филип ван Амерсфорт, Италиянинг Атроф-муҳит, ер ва денгиз ресурслари вазирлиги вакили Массимо Коццоне ва бошқалар сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларининг минтақада экологик вазиятни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари доимийлик касб этган. 2018 йилнинг август ойида Туркманбоши шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисининг ташкил этилиши, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциянинг ишлаб чиқилиши, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст фонди тузилиши шулар жумласидан.
– Фаолиятимиз орқали яшил технологиялар ва инвестиция лойиҳаларини жалб этиш борасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни амалга ошириб келмоқдамиз, – дейди Яшил технологиялар ва инвестиция лойиҳалари халқаро маркази раҳбарининг ўринбосари Гавҳар Бейсеева (Қозоғистон). – Бугунги анжуман мавзуси, унда кўтарилган масалалар, қабул қилинган қарорлар фаолиятимиз билан чамбарчас боғлиқ. «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» мулоқотининг бу галги анжумани эса сув билан боғлиқ муаммолар бўйича ҳамкорликнинг янги усул ва ёндашувларини ишлаб чиқиш учун қулай имконият. Мулоқотнинг ушбу формати орқали биз Ўзбекистоннинг минтақада экологик вазиятни барқарорлаштириш борасидаги ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишга ҳисса қўшишга тайёрмиз.
Юқори даражадаги конференция экология соҳасидаги ҳамкорлик платформаси бўлиб, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатларига атроф-муҳит, иқлим ўзгариши ва сув ресурслари соҳасида кўмаклашиши юзасидан истиқболли дастурларни шакллантиришни кўзда тутади. 2009 йилда Италия ташаббуси билан Европа Иттифоқи шафелигида ташкил этилган ушбу платформа ўтган йиллар давомида минтақа мамлакатларининг иқлим ўзгариши ва экологик вазиятни тиклаш бўйича икки ва кўп томонлама ҳамкорлигининг муҳим шартига айланди. Унинг доирасидаги илк лойиҳа 2012-2014 йилларда амалга оширилди.2016-2018 йилларга мўлжалланган иккинчи лойиҳа Марказий Осиё мамлакатларида барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган мулоқотни мустаҳкамлаш, атроф-муҳит, иқлим ўзгаришларига қарши курашишда Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлашни кўзда тутади.
– Европа Иттифоқи билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидиги ҳамкорликнинг барча соҳаларда мустаҳкамланиб бораётганидан хурсандмиз, – дейди Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан. – Бугун минтақа мамлакатлари ривожланишнинг янги босқичида сув ресурсларини оқилона бошқариш, трансчегаравий дарёлардан самарали фойдаланиш, қолаверса, иқлим ўзгаришларига қарши курашишдаги мулоқот юқори суръатларда йўлга қўйилган. Бунинг натижасида табиатни муҳофаза қилиш, туташ цикллар иқтисодиётига ўтиш каби минтақа учун муҳим бўлган таклифларни ишлаб чиқиш имкони пайдо бўлмоқда. Европа Иттифоқи ушбу йўналишдаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, соҳага янги технологияларни жорий этиш бўйича кўмаклашишга тайёр.
Тадбирда Атроф-муҳит ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича «Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё» платформасининг 2015-2018 йиллардаги натижалари тақдим этилди.
Ташкил этилган шуъба мажлисларида Оролбўйи ҳудудидаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни соғломлаштириш, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондини қўллаб-қувватлаш, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти доирасида минтақавий шерикликни янада ривожлантириш, ташқи молиявий-техник кўмак кўрсатиш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, атроф-муҳит ифлосланиши даражасини пасайтириш ва яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида инфратузилмаларга инвестицияларни жалб қилиш бўйича таклифлар билдирилди. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликнинг келгусидаги устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан Италиянинг Атроф- муҳит, ер ва денгиз ресурслари вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.