Ғоибназаровдан техник нокаутли ғалаба

Истеъдодли боксчи, Рио-2016 олимпиадаси ғолиби, айни пайтда профессионал боксда ҳам муваффақиятли одимлаётган ҳамюртимиз Фазлиддин Ғоибназаров жумадан шанбага ўтар кечаси ўзининг навбатдаги жангини ўтказди. АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ташкил этилган бокс кечасида ҳамюртимиз Доминикан Республикаси вакили Рикардо Гарсияга қарши рингга кўтарилди.
Жами 8 раундга мўлжалланган жанг атиги 4 раунд давом этди. Негаки 4-раунд якунига етгач Гарсия жангни давом эттира олмаслигини билдирди ва мазкур ҳолатда мағлуб томонга техник нокаут ёзилади. Бунгача Фазлиддин рақибини 3-раундда нокдаун ҳолатига туширган эди.
Шу тариқа Ғоибназаров профессионал боксда ўзининг еттинчи ғалабасига эришди. Бунгача у ўтказилган олтита жангини ҳам ўз фойдасига ҳал қилганди. Шундан тўрттасида рақибларини нокаутга учратган.
Рикардо Гарсия эса 20 марта рингга кўтарилган бўлиб, шундан 14тасида ғалаба қозонган (9таси нокаут). Беш маротаба эса мағлубиятга учраган. Ҳамюртимизга қарши кечган баҳсда у фаолиятидаги биринчи нокаутли мағлубиятни қабул қилиб олди.
Эслатиб ўтамиз, бундан бироз аввал Фазлиддин февраль ойининг иккинчи декадасида пойтахтимиз Тошкентда ташкил этиладиган профессионал бокс кечасида ҳам иштирок этишга тайёрлигини билдирган эди.

 

ЎзА