Жорий йилнинг 30 октябрь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг “Самарқанд – Истанбул – Самарқанд” йўналиши бўйича мунтазам ҳаво қатнови илк бор амалга оширилди.
Самарқанд халқаро аэропортида шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бошқарма бошлиғи Н.Аюпов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Туркияга амалга оширган давлат ташрифи давомида мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда, жумладан, фуқаро авиацияси бўйича ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириш борасида муҳим келишувларга эришилганини алоҳида таъкидлади.
Самарқанддан Истанбулга тўғридан-тўғри ҳаво қатновининг йўлга қўйилгани ушбу келишувларнинг амалий натижаси сифатида икки мамлакат фуқароларига қулайликлар яратиш, давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
– Бир неча йилдан буён самарқандлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қиламиз, – дейди туркиялик Меҳмед Оташ Якар. – Шу пайтгача Туркияга Тошкент халқаро аэропорти орқали бориб келардим. Эндиликда Самарқанддан Истанбулга ҳаво кемаси қатновининг жорий этилгани мен каби кўплаб тадбиркорлар учун катта қулайлик бўлди. Бунинг учун давлатларимиз раҳбарларидан миннатдормиз.
Ушбу йўналишдаги парвозлар ҳозирча ҳафтанинг душанба кунида амалга оширилмоқда. Шу йил 16 ноябрдан бошлаб эса пайшанба кунлари ҳам бунга қўшилади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси янги йўналишда йўловчиларга “Airbus А320” ва “Boeing 757” замонавий ҳаво лайнерлари орқали хизмат кўрсатади.
– “Самарқанд – Истанбул – Самарқанд” йўналиши бўйича илк рейснинг йўловчиси эканлигимдан хурсандман, – дейди самарқандлик Азиза Аббосова. – Айниқса, бугунги тантанали маросим том маънода тарихий кун сифатида хотирамизда қолади. Икки қардош халқ ўртасидаги дўстона алоқалар бундан кейин яна ҳам ривожланиши ва мустаҳкамланиши тарафдоримиз.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг саҳнида 180 га яқин йўловчи бўлган “Boeing 757” ҳаво кемаси Самарқанд халқаро аэропортидан Истанбул томон парвозини бошлади ва бу кун миллий авикомпаниямиз тарихидаги муҳим саналардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА