Давлат бюджети бошқармаси тузилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқишга алоҳида аҳамият бериш зарурлиги қайд этилиб, бу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун Олий Мажлис қошида Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш вазифаси илгари сурилганди.
Парламент қуйи палатасида ўтказилган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида ушбу масала атрофлича муҳокама этилди.
Дарҳақиқат, бугун макроиқтисодий кўрсаткичларни чуқур таҳлил қилиш, мамлакат иқтисодиётидаги сифат ўзгаришларини, унинг таркибий тузилишини баҳолашда, шунингдек, давлат бюджети даромадларининг шаклланиши ва ижроси, харажатларининг тўғри режалаштирилиши, тақсимланишини, мақсадли ва самарали ишлатилишини таҳлил қилишда парламент аъзоларининг барчасида ҳам профессионал даражадаги ёндашув етишмаётир. Натижада сайловчилар ва партиялар электорати илгари сураётган муаммо ва масалаларни ҳал қилишда маълум қийинчиликлар юзага келаётир.
Олий Мажлис ҳузурида ушбу бошқарманинг ташкил этилиши Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқиш жараёнлари юқори савияда ва сифатли амалга оширилишида, депутатларнинг бу борадаги фаолияти янги босқичга кўтарилишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Бу борадаги хорижий тажрибалар ҳам ўрганилди.
Тадбирда мазкур масала чуқур таҳлил этилиб, қатор таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Н.Насриев, ЎзА