Шавкат Мирзиёев Нарендра Моди билан учрашди

Гандинагар, 18 январь. 
ЎзА махсус мухбири Умар Асроров хабар қилади.​​
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 январь куни Гандинагар шаҳрида ўтаётган “Жўшқин Гужарат” халқаро инвестиция саммити доирасида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди.
Давлатимиз раҳбарини самимий қутлар экан, Ҳиндистон Бош вазири нуфузли Ўзбекистон делегациясининг саммит ишидаги иштироки учун чуқур миннатдорлик изҳор қилди.
Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга ташрифи олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давоми, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва шериклик муносабатларининг яна бир ёрқин далилидир.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йили октябрь ойидаги Ҳиндистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларнинг амалий ижроси билан боғлиқ масалалар, шунингдек, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ташрифдан сўнг ўтган вақт давомида барча йўналишдаги ўзаро алоқалар фаоллашгани қайд этилди.
Ўтган ҳафта Самарқанд шаҳрида «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон иштирокидаги биринчи учрашуви бўлиб ўтди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида Тошкентда қўшма Тадбиркорликни ривожлантириш маркази ўз фаолиятини бошлади. Мамлакатимизда Ҳиндистон саноат конфедерацияси ваколатхонаси очилиши кўзда тутилмоқда.
Саммит арафасида Гужаратда Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан Тошкент шаҳрида илғор ахборот технологиялари технопарки, Андижон вилоятида фармацевтика зонаси ташкил этилмоқда.
Ҳиндистон Эксимбанки билан Ўзбекистондаги ижтимоий муҳим лойиҳаларни молиялаштириш учун қиймати 200 миллион долларга тенг кредит линияси ажратиш бўйича келишувга эришилди.
Янги ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда Ҳиндистоннинг етакчи олий ўқув юртлари – Амити ва Шарда университетлари ўз ишини бошлайди.
Давлат раҳбарлари ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика тармоғи, заргарлик саноати, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқа йўналишлардаги устувор лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурлари амалий ижросини жадаллаштириш заруратини қайд этди.
Маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни фаол ривожлантириш йўлида қатъий эканликларини тасдиқладилар.
Учрашув сўнггида Ҳиндистонга уран етказиб бериш бўйича имзоланган узоқ муддатли келишувни ўзаро алмашиш маросими бўлиб ўтди.​​

 

ЎзА