Бирлашган Араб Амирликларида давом этаётган футбол бўйича Осиё кубогида гуруҳ баҳслари якунланди.
3-тур ўйинида Эктор Купер шогирдлари тўрт карра Осиё чемпиони Япония терма жамоасига қарши майдонга тушди. Аввалги ўйинларда ҳар икки жамоа аъзолари ғалаба қозонишган ва бу қарама-қаршилик гуруҳда қайси жамоа ғолиб чиқишига аниқлик киритиб бериши керак эди.
Одатда вазифа уддалангач аксарият мураббийлар таркибда ротацияга қўл уришади. Купер ҳам шундай қилди, Япония билан ўйинда Одил Аҳмедов, Анзур Исмоилов, Акмал Шораҳмедов, Олег Зотеев ва Сардор Рашидов каби футболчиларга дам берилди.
Шунга қарамай ўйинда вакилларимиз ҳисобни очишди. Осиё кубоги тўпурарлари сафида бораётган Элдор Шомуродов 40-дақиқада терма жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқади. Аммо, мухлисларимиз қувончи узоққа чўзилмади, орадан кўп ўтмай Япония терма жамоаси аъзоси Йошинаро Муто мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлимда эса Цукаса Шиотани кунчиқар юрт футболчиларига ғалаба келтирган тўп муаллифига айланди. Муддатидан аввал кейинги босқичга йўл олган футболчиларимиз плей-оффда Австралияга қарши майдонга тушади. Мазкур ўйин 21 январь куни Ал-Айн шаҳридаги Халифа бин Зайд стадионида ўтказилади.