Ўзбекистон - Ҳиндистон ишбилармонлар кенгаши мажлиси

Ҳиндистоннинг Гужарат штати Аҳмадобод шаҳрида 17 январь куни Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ҳиндистон саноат конфедерацияси томонидан мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Ҳиндистонга давлат ташрифи олдидан Нью-Деҳли шаҳрида Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес-форуми ўтказилиб, Ҳиндистон саноат конфедерацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича битим имзоланган эди. Бугунги кунда мазкур кенгаш турли соҳаларга инвестициялар жалб қилиш, савдо, транспорт алоқаларини ривожлантириш, ўзаро транзит йўлакларини кенгайтириш, божхона тарифларини қисқартириш ва эркин иқтисодий зоналарда кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда янги имкониятлар майдонига айланмоқда.

Мажлисда Ўзбекистон томонидан Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Суҳроб Холмуродов, Ҳиндистон томонидан Ҳиндистон саноат конфедерацияси президенти ва “Bharti Enterprises” компаниялар гуруҳи раиси ўринбосари Ражеш Бхарти Миттал, шунингдек, икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, электроэнергетика, қурилиш, кимё ва тўқимачилик саноати, туризм ва меҳмонхона иши каби соҳаларда фаолият юритувчи етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда икки мамлакат компаниялари ўртасида саноат кооперациясини янада ривожлантириш, ҳинд компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, ҳамкорликда бизнес-форум ва кўргазмалар ташкил қилишнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Мажлисда тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, электроэнергетика, қурилиш, кимё, енгил саноат, туризм ва меҳмонхона бизнеси бўйича иш олиб борадиган ҳинд ишбилармонлари билан Ўзбекистон бизнес ташкилотлари очиқ мулоқотга киришди.

2.JPG

5.JPG

– Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлар кенгаши мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида тузилган, – деди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов. – Мажлисда фармацевтика, тўқимачилик, хизмат кўрсатиш, логистика ва инвестиция йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ҳиндистон саноат конфедерацияси ва ҳинд тадбиркорлари юртимизга бизнес делегацияларини юборишини маълум қилди. Шунингдек, Тошкентда Ҳиндистон саноат конфедерациясининг доимий ишлайдиган офисини очиш, октябрь ойида иккинчи мажлисни ўтказишга келишиб олдик.

Андижон вилояти ва Гужарат штати ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ҳам олий даражадаги музокаралар маҳсулидир. Андижон вилоятида ҳинд сармоядорлари иштирокида жами 206 миллион долларга тенг лойиҳалар устида иш бошланган. Шулардан 6 таси фармацевтика соҳасига тегишли, яна 3 та корхона билан музокаралар олиб борилмоқда. Бу лойиҳалар Президентимизнинг 2019 йил 14 январдаги “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони билан Андижонда ташкил этилган Ўзбекистон – Ҳиндистон эркин фармацевтика зонасида амалга оширилади.

Тадбир якунида Ишбилармонлар кенгашининг кейинги мажлисини Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шу куни Гандинагар шаҳрида “Жўшқин Гужарат” саммити доирасида халқаро савдо кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон, Канада, Франция, Норвегия, Нидерландия, Польша, Япония, Корея Республикаси, Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Африка Республикаси, Австралия давлатлари cтендлари намойиш этилмоқда.

Кўргазма майдонларида аэрокосмос ва мудофаа, агросаноат, биотехнология, кимё ва ёқилғи кимёси, бутловчи қисмлар, электроника, экология, қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва мегалойиҳалар, фармацевтика каби 25 та сектор бўйича халқаро ва маҳаллий стендлар ўрнатилган. Кўргазмада жаҳон саноатининг илғор брендлари янги маҳсулот ва ишланмаларини намойиш этмоқда.

Кўргазманинг тантанали очилиш маросимига Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ташриф буюрди. Бош вазир халқаро павильонларни кўздан кечириш асносида юртимиз стенди билан ҳам танишди.

Бугунги кунда ҳинд ишбилармонлари юртимизда бизнес юритишга катта қизиқиш билдирмоқда. Айни пайтда икки мамлакат бизнес доиралари кўплаб қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этаётир. Фармацевтика, соғлиқни сақлаш, туризм, тиббиёт туризми, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, минерал ресурслар, жумладан, рангли ва ноёб металларни қазиб олиш, инфратузилма ва замонавий арзон уй-жойлар қурилишига оид лойиҳалар икки томонлама ҳамкорлик учун истиқболли саналади.

Кўргазмада юртимизнинг қишлоқ хўжалиги, ҳунармандлик, ахборот технологиялари каби етакчи тармоқлари маҳсулотлари Ҳиндистон ишбилармон доираларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Унинг доирасида ўзаро манфаатли кўплаб келишувлар имзоланиши режалаштирилмоқда.

Мазкур кўргазма икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқалари кенгайишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналар сони ҳамда ўзаро маҳсулот айланмасини оширишга хизмат қилади.

Умар Асроров,
 
ЎзА махсус мухбири
Аҳмадобод, Ҳиндистон