Ўзбекистон-Амирликлар инвестиция компанияси ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонида Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) билан биргаликда Ўзбекистон-Амирликлар инвестиция компаниясини ташкил этиш белгиланган.
Мазкур Ўзбекистон-Амирликлар инвестиция компанияси Абу Даби ривожланиш жамғармаси (БАА) компаниясининг 75 фоиз миқдордаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 25 фоиз миқдордаги улушлари ҳисобига 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги устав фондига ва 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги эълон қилинган капиталига эга бўлиб, масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади.
Шунингдек, ушбу компания Бирлашган Араб Амирликларининг инвестициявий, молия институтлари ва компаниялари билан инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш вазифаларини бажаради, улар билан инвестициявий муносабатларни мувофиқлаштиради, қўшма инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва рўёбга чиқаришга кўмаклашади.

 

ЎзА