Бугун Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Шуҳрат Аббосов таваллуд топган кун

Ўзбек киносининг улуғ дарғаларидан бири режиссёр Шуҳрат Аббосов мураккаб тақдир соҳиби бўлган. У ҳаётнинг ширин эркалашлари-ю, аччиқ заҳматларига бирдек чидаб ижод қилган заҳматкаш инсонлардан эди.
Шуҳрат Аббосов 1931 йил 16 январда Қўқонда зиёли оиласида таваллуд топган. Дастлаб Тошкент тиббиёт касб-ҳунар коллежида таҳсил олиб, кейинчалик ҳаётини санъат билан боғлайди. Тошкент давлат санъат институтига ўқишга киради ва уни 1954 йил тамомлайди. Илм, амалиёт ва педагогликни бирдек олиб боради. Яъни, институтда кафедра мудири, профессор бўлса-да, бир вақтнинг ўзида турли жойларда раҳбар лавозимларда ишлайди. Шу жумладан, 1954-1956 йиллар Маннон Уйғур номидаги мусиқали драма театрида режиссёр, 1958 йилдан 1991 йилга қадар “Oʻzbekfilm” киностудиясида режиссёр бўлиб ишлаган.
Маълум муддат ушбу даргоҳга раҳбарлик ҳам қилган. Шу билан бирга 1996 йилдан Ўзбекистон кино арбоблари бирлашмасининг раиси муовини лавозимида ҳам фаолият юритган.
Шуҳрат Аббосов ўзининг хотираларида таниқли ўзбек адиби Ойбекнинг севимли куёви бўлганини фахр билан эслаб ўтган. Шу ўринда, ундан кўплаб сабоқлар олганини ғурурланиб ёдга олади. Қизи кимёгар олима Гулранг Тошмуҳаммедованинг турмуш ўртоғи бўлганини ва айнан санъатни севишида турмуш ўртоғи унга елкадош бўлганини севинч билан хотирлайди…
Унинг кино оламидаги илк ютуқларидан бири “Маҳаллада дув-дув гап” кинокомедиясидир. Кино 1960 йилда тасвирга олинган бўлса-да, ҳозир ҳам севиб томоша қилинади. Томошабин кулади, содда одамлар ҳаракатларидан яйрайди. Ишончли ва самимий фильм яралишида эса маҳоратли режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг ўрни беқиёс. Қолаверса, ҳар сафар унга мурожаат қилганимизда юраклар энтикиб, кўзларга ёш қалқиб, ўзбек ота-онасининг меҳрибонлигидан фахрлантирадиган “Сен етим эмассан” ёки ҳақиқий изтиробни, самимий туйғуларни ўзида акс эттирган “Тошкент – нон шаҳри”, инсондаги тоза туйғуларни акс этган “Қалбингда қуёш”, бироз давр зуғуми асоратида қолиб кетган бўлса-да чин истеъдод эгаси бўлмиш Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳаётига бағишланган “Оловли йўллар”, бутун дунёни зир титратган, инсон юрагини жунбишга келтирадиган уруш воқеаларини ўзида жамлаган “Катта урушдаги кичик одам”, тарихий мавзудаги “Абу Райҳон Беруний” фильмлари чинакам заҳматкаш инсон қолдирган бой маънавий хазина, десак муболаға бўлмайди.
Меҳнатнинг албатта роҳати ҳам бўлади. 1965 йил Шуҳрат Аббосов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, 1974 йил Ўзбекистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланади ва шу йили Ҳамза номидаги Давлат мукофотига ҳам сазовор бўлган. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида “Шуҳрат” медали, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган. Таниқли режиссёр ўтган 2018 йилда, яъни 87 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди.

 

Дилобар Аслиддин қизи, ЎзА