Ўзбекистонда дарсликларнинг сотуви қандай мезонлар асосида йўлга қўйилади?

“БИР САВОЛГА БИР ЖАВОБ”
“Бир саволга бир жавоб” лойиҳасининг аввалги меҳмони Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев “Сиз раҳбарлик қилаётган вилоятда хонадон, ташкилот, корхона, муассасаларда ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз электр энергиясидан узиб қўйиш ҳолатлари содир бўлаётгани, иссиқлик, табиий ва суюлтирилган газ таъминотида ҳам бир қатор муаммолар борлигидан хабарингиз бор, албатта. Бу муаммоларни бартараф этиш учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?”, деган саволга жавоб берган эди. 
Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳада мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбар ходимлари, вилоят ҳокимларининг ЎзА саволига жавоблари бериб борилади.
Лойиҳанинг бу галги меҳмони:
 
002 (2).jpg
Алишер Умаров,
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари.
– Маълумки, ота-оналар, айтайлик, 8-синфда ўқиётган фарзандини қайта тайёрлаш учун қуйи синф дарсликларини сотиб олишда қийналишади. Шу маънода, Ўзбекистонда дарсликларнинг сотуви қандай мезонлар асосида йўлга қўйилади?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 майдаги “Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан умумтаълим мактаблари кутубхона фондларидан ўқувчиларга дарсликларни ихтиёрийлик асосида ижарага бериш тартиби жорий этилган.
Дарсликлар умумтаълим мактабларидан олинган буюртмалар асосида Давлат бюджети ва Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан чоп этилиб, муайян муддатга ижара асосида фойдаланишга берилади. Ижара тизими асосида буюртмага кўра мактабларга берилган дарсликларнинг муқовасига “RMKJ” белгиси қўйилади ва ушбу ижарага чиқарилган дарсликларгагина “Сотувга чиқариш тақиқланади” деб ёзилади. Фақат ушбу белги ва ёзув билан белгиланган дарсликлар нусхаларини сотиш мумкин эмас, чунки дарсликлар ижара асосида берилади.
Дарсликларни бозор нархларида нашриётлар томонидан эркин савдо учун чоп этиш ва уларни сотиш тақиқланмаган. Эркин савдо учун чоп этилган дарсликларга тақиқловчи белги қўйилмайди ва ёзув бўлмайди, аксинча нархлари нашриёт, матбаа корхоналари ва савдо шохобчалари томонидан белгиланган ҳолда сотилади.
* * *
Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони – Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров “Наманган вилоятида ишсизлик кўрсаткичи анча юқори. Бу борада вилоятда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?”, саволига жавоб беради.
Сайтимизни кузатиб боринг!

 

ЎзА