Сульшер “МЮ”да янги тарих яратмоқда, “Тоттенхэм” эса пойгадан чиқди...ми?!

Дам олиш кунлари Англия Премьер-лигасида 22-тур ўйинлари ўтказилди. Тўғри, ҳали турнинг барча учрашувлари ўйналгани йўқ. Мамлакатнинг амалдаги чемпиони ва ушбу мавсум ҳам олтин медаллар учун асосий даъвогарлардан саналаётган “Манчестер Сити” бугун тунда “Вулверхэмптон”ни қабул қилади ва мазкур ўйин билан Премьер-лигада 22-турга якунланади.
Якшанба оқшомида турнинг марказий баҳси бўлиб ўтди. Машҳур “Уэмбли” стадионида майдон эгалари “Тоттенхэм” жамоаси Жозе Моуриньо истеъфосидан сўнг ажойиб ўйин намойиш этаётган “Манчестер Юнайтед”ни қабул қилди. Бунгача “қизил иблислар” Оле Гуннар Сульшер раҳбарлигида қаторасига 5та ўйинда ғалабага эришган бўлса-да, кўпчилик “Уэмбли”да “МЮ”га осон бўлмаслигини айтишаётган эди. Бу тушунарли, негаки Сульшер шу кунгача ўртамиёна ёки аутсайдер мақомидаги жамоалар билан куч синашган ва уларга қарши ўйинларда Моуриньо ҳам муваффақиятга эришиши эҳтимоли йўқ эмасди. Айнан “Тоттенхэм”га қарши ўйин “қизил иблислар” учун ҳақиқий синов вазифасини ўтаб бериши кутилаётганди. Ва олдинга ўтиб айтиш керак, Сульшер бу имтиҳондан муваффақиятли ўтди ва “МЮ”нинг шонли тарихини тиклашга жиддий бел боғлаганини исботлади.
Учрашувни меҳмонлар ҳимояга таянган ҳолда бошлашди. Бунгача Сульшер қўл остида “МЮ” фақат ҳужумкор ўйин намойиш этиб келаётган ва шу жиҳати билан у бизга афсонавий сэр Алекс Ферюгссон даврини эслатиб юбораётганди. Аммо, “Тоттенхэм” – бу “Кардифф” ёки “Борнмут” эмас. Қолаверса, Моурицио Почеттино шогирдлари бежиз АПЛда етакчилар сафида бормаяпти. Боз устига улар 1-давра ўйинида “МЮ”ни “Олд Траффорд”да 0-3 ҳисобида тор-мор этишганди. Шу жиҳатдан “шпорлар” бу ўйинда фаворит эди ва улар буни амалда исботлаш учун дастлабки дақиқалардан ҳужумга ташланишди. Бироқ, уларга тезкор гол киритиш насиб этмади. Аста-секин ўйин темпини туширган меҳмонлар биринчи бўлим охирида тезкор қарши ҳужумга ўтишди. Поль Погбанинг ажойиб пасидан кейин Маркус Рэшфорд дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва олис бурчакни аниқ нишонга олди. Ушбу гол ўйинда ягоналигича қолди ва Сульшер “МЮ” бош мураббийлигида қаторасига 6та ғалабага эришиб, жамоа тарихида рекорд ўрнатди.
Муҳим баҳсда мағлубиятга учраган “Тоттенхэм” эса энди пешқадам “Ливерпул”дан нақд 9 очкога ортда қолмоқда. Афтидан Почеттино жамоаси чемпионлик пойгасидан четга чиққан кўринади. Тўғри, АПЛда 9 очко – жуда катта тафовут эмас ва туманли альбионда вазият тезда ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Бироқ, “Ливерпуль” ҳозирги ҳолатида бунга йўл қўймаса керак.
Премьер-лиганинг 22-турида қайд этилган натижалар:
“Вест Хэм” – “Арсенал” – 1:0
“Бёрнли” – “Фулхэм” – 2:1
“Брайтон” – “Ливерпуль” – 0:1
“Кардифф Сити” – “Хаддерсфилд” – 0:0
“Кристал Пэлас” – “Уотфорд” – 1:2
“Лестер” – “Саутгемптон” – 1:2
“Челси” – “Ньюкасл” – 2:1
“Эвертон” – “Борнмут” – 2:0
Чемпионатда “Ливерпуль” 57 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Улардан бир ўйин кам ўтказган “Ман. Сити” ҳисобида 50 очко бор. “Тоттенхэм” 48 очко билан учинчи, “Челси” эса 47 очко билан 4-поғонадан жой олган. Топ-6ликни 41тадан очко жамғаришган “Арсенал” ва “МЮ” жамоалари якунлаб беради.

 

Отабек Эшмаматов, ЎзА