Австралия очиқ чемпионати бошланди, илк кундаёқ муросасиз ўйинлар

Бугун Мельбурн кортларида “Катта дубулға” туркумига кирувчи мавсумнинг дастлабки мусобақаси – Австралия очиқ чемпионати бошланди. Умумий соврин жамғармаси 60 миллион Австралия долларига тенг турнирнинг илк кунидаёқ мухлислар бир қатор қизиқарли ўйинларга гувоҳ бўлишди.
Жумладан, жаҳоннинг собиқ биринчи ракеткаси испаниялик Рафаэль Надаль биринчи даврада мезбон теннисчи Жеймс Дакворт устидан 6:4, 6:3 ва 7:5 ҳисобларида ғалабага эришди. Яна бир қизиқарли ўйинда болгариялик Григор Димитров Сербия вакили Янко Типсаревичга қарши кортга тушди. Учрашувнинг биринчи сетида серб теннисчиси 6:4 ҳисобида ғолиб чиққан бўлса-да, кейинчалик Димитров кетма-кет уч сетни 6:3, 6:1 ва 6:4 ҳисобларида ўз фойдасига ҳал қилди ва иккинчи даврага йўл олди.
Жаҳоннинг яна бир собиқ биринчи рақамли теннисчиси англиялик Энди Маррей эса узоқ муддатли танаффусдан кейин “Катта дубулға” туркумидаги турнирда кортга тушди. Илк босқичда испан теннисчиси Роберто Баутиста-Агут билан тўқнаш келган Маррей дастлабки икки сетда бир хил – 6:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Аммо учинчи сетни тай-брекда ўз фойдасига ҳал қилди. Тўртинчи сет ҳам тай-бреккача етиб борди ва бу сафар ҳам омад инглиз теннисчиси томонида бўлди ва сетлар бўйича ҳисоб тенглашди. Бироқ, ҳал қилувчи бешинчи сетда Баутиста-Агут ўзига келиб улгурди ва инглиз теннисчисини уйига кузатиб қўйди.
Australian Openнинг бугунги натижалари:
Карен Хачанов (Россия) – Питер Гойовчик (Германия) – 3:6, 6:3, 6:4, 6:3
Маккензи МакДональд (АҚШ) – Андрей Рублев (Россия) – 6:4, 6:4, 2:6, 6:4
Стефанос Циципас (Греция) – Маттео Берреттини (Италия) – 6:7, 6:4, 6:3, 7:6
Кевин Андерсон (ЖАР) – Адриан Маннарино (Франция) – 6:3, 5:7, 6:2, 6:1
Фернандо Вердаско (Испания) – Миомир Кецманович (Сербия) – 7:6, 6:3, 6:3
Робин Хаасе (Голландия) – Гильермо Гарсия-Лопес (Испания) – 7:5, 6:4, 7:5

 

Отабек Эшмаматов, ЎзА