Берлин шаҳрида 14 январь куни Ўзбекистон – Германия ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг савдо, инвестиция, банк-молия, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, консалтинг, логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, тоғ-кон саноати, хизмат кўрсатиш каби тармоқлар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари вакиллари иштирок этди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Холмуродов, Германия иқтисодиёт ва энергетика вазири ўринбосари Э.Франц, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг биринчи вице-президенти Ю.Ригтеринк, Халқаро молия корпорацияси минтақавий директори К.Фюльстер қатнашди.

Ўзбекистонда Германиянинг етакчи компаниялари билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ германиялик ишбилармонлар иштирокидаги компаниялар фаолияти йўлга қўйилган. Булар орасида «МAN», «Claas», «Lemken», «Кnauf» каби ўз соҳасида етакчи бўлган ишлаб чиқарувчилар фаолияти эътиборга молик.

Ҳамкорлик натижасида 2018 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 770 миллион АҚШ долларидан ортди. Бу 2017 йилга нисбатан 24,5 фоиз кўп. Биргина озиқ-овқат маҳсулотлари экспортида ўтган йили 44,6 фоиз ўсиш қайд этилган. Германиядан мамлакатимизга асосан турли техника воситалари импорт қилинади.

Бизнес-форумда мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти, сармоядорлар учун яратилган шароит ва имтиёзлар, Ўзбекистон бозорида хорижий маҳсулотларга бўлган талаб ва таклиф бўйича маълумотлар тақдим этилди.

B2B шаклидаги мулоқотда иштирокчилар турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Германия Савдо-саноат ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик ҳақида битим имзоланди.

Бизнес доиралар вакиллари учун қулай мулоқот майдонига айланган анжуманда Германиянинг «Deutsche Bank», «Commerzbank», «Landesbank», «KfW», «AKA Bank» каби банклари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистон тижорат банклари ўртасида мамлакатимиздаги лойиҳаларни молиялаштириш учун кредит маблағлари ажратиш бўйича келишувларга эришилди.

Форум якунлари бўйича нефть-газ, нефть-кимё, энергетика, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, меҳмонхона қурилиши, инвестицион-технологик, банк-молия соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга оид қиймати 4 миллиард АҚШ долларидан зиёд истиқболли келишувларга эришилди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА