Округда жойлашган кўп қаватли 20 та уй-жой капитал таъмирдан чиқарилган

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов йиғилганларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, Президентимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ҳарбийларга йўллаган байрам табригида билдирилган фикрларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланишича, ўтган йилнинг ўзида Шимоли-ғарбий ҳарбий округда 36 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган бўлса, ҳарбий-маъмурий сектор фаолиятини ривожлантириш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 31 миллиард сўмга яқин маблағлар ажратилган. Округда жойлашган кўп қаватли 20 та уй-жой капитал таъмирдан чиқарилган, 11 объектда капитал таъмир ишлари олиб борилган. Ҳарбийларнинг саф тортиш майдони ва ички йўллар бетонлаштирилган, ҳарбийлар учун замонавий электрон кутубхона ва спорт майдончалари қурилган. Тоза ичимлик суви тармоқлари тортилган. Шунингдек, ўтган йили ҳарбий хизматчилар учун шаҳар ва туманларда 240 хонадонли 8 та беш қаватли уй-жой қурилган.

Бундай эзгу ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, Нукус шаҳрида ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутадиган ҳарбий боғ яратилади ва бошқа ишлар амалга оширилади.

Тадбирда байрам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ тинчлигимиз посбонларига ушбу мукофотлар тантанали топширилди. Нукус шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Тадбир якунида санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Бундай байрам тадбирлари барча туман ва шаҳарларда бўлиб ўтди.

20.JPG

31.JPG
32.JPG

 

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА