Тошкент давлат аграр университетида Миссисипи штати университети филиали очилади...ми?

Бу ҳақда Миссисипи штати университети (МШУ)дан келган экспертлар – МШУ халқаро алоқалар институти директори Жули Жордан, МШУ Сув ресурслари илмий тадқиқот институти директори Жейсон Крутс маълум қилди.

Қайд этиш жоиз, юртимизда олий таълим тизими жадал ривожланмоқда. Ушбу жараёнда хорижлик мутахассислар билан тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Тошкент давлат аграр университети бу борада дунёнинг бир қатор давлатлари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйган.

Хорижлик меҳмонлар ташриф давомида ТошДАУнинг ўқув тажриба станцияси, ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш, пахтачилик ва ғаллачилик лабораториясидаги янгиликлар билан танишди. Шунингдек, хорижлик меҳмонлар университетнинг “Қўшма таълим” дастури асосида таълим олаётган талаба ва магистрлар билан учрашди.

Ташриф доирасида икки университет ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашувини амалга ошириш, икки томонлама диплом бериш қўшма дастурларини жорий этиш, МШУнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етук профессор-ўқитувчиларни юртимиз талабаларига маърузалар ўқишларини жорий этишга келишиб олинди. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетида Миссисипи штати университетининг филиалини очиш режалаштирилмоқда.

Февраль ойида Миссисипи штати университетига Тошкент давлат аграр университети вакиллари боришади. Ана шу сафар чоғида икки университет ўртасида шартнома ва “йўл харита”сини имзолашга келишиб олинди.

photo5323760574011648435.jpg

photo5325945200536824409.jpg
photo5325945200536824414.jpg

 

ЎзА