Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари 2018 йил якунлари ва 2019 йилги режаларига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари 2018 йилда қонун ижодкорлиги соҳасида жами 18 қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига тақдим этди. “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Қўмита 10 парламент назорати тадбирларини амалга оширди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Мудофаа доктринасини ўз вақтида ва самарали ижро этиш бўйича тизимда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати бўйича ахборотлар ҳар чоракда эшитиб борилди. Эшитувлар натижасида ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти ва ҳарбий инфратузилмани янада ривожлантириш, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилди.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш энг устувор вазифалардан бири эканлиги инобатга олиниб, ўтган йилда қўмитага фуқаролардан келиб тушган 429 мурожаат кўриб чиқилиб, аксарияти мутасадди идоралар иштирокида ижобий ҳал этилди.

Қўмита масъуллигида долзарб қонун лойиҳаларининг муҳокамалари, шунингдек, қўмитанинг назорат фаолияти якунларига бағишланган 128 тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбирларда янги таҳрирда қабул қилинган Мудофаа доктринасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, экстремизмга қарши курашишнинг қонуний асослари каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2019 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари ҳам муҳокама этилди. Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросини ўз вақтида сифатли таъминлаш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Қўмита томонидан назорат-таҳлил соҳасида Мудофаа доктринаси ижросини тизимли назорат қилишни кучайтириш ва “2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси” ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича қўмита эшитувлари режалаштирилаётгани қайд этилди.

* * *

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси анжуманида таъкидлаб ўтилганидек, ўтган давр мобайнида қўмита масъул этиб белгиланган 12 қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси ялпи йиғилиши муҳокамасига тайёрланган.

Шундан 10 таси қабул қилинди. Янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги, “Уруғчилик тўғрисида”ги қонунлар, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизми такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 6 та қонун лойиҳаси тайёрланиб, улардан 4 таси қабул қилинди. “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунидан келиб чиққан ҳолда Ер кодекси талабларининг ижро этилиши ҳолати Самарқанд вилояти мисолида, “Ветеринария тўғрисида”ги қонун талабларининг ижро этилиши Фарғона ва Самарқанд вилоятлари мисолида ўрганиб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган. Шунингдек, қўмитада даражасида 8 парламент эшитуви ташкил этилди. 2018 йилда юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган жами 690 дан ортиқ ариза ва мурожаатлар кўриб чиқилди.

Анжуманда қўмитанинг 2019 йилга мўлжалланган режалари хусусида ҳам сўз юритилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА