Миллий матбуот марказида «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси таркибидаги корхоналарда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, сифатни яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш бўйича бажарилаётган ишлар ва 2019 йил учун белгиланган вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз аҳолисининг ун, қолипли нон, макарон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, чорвачиликка сифатли ем етказиб бериш, давлат эҳтиёжлари учун дон ва уруғлик харид қилиш, уларни сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юқори самара бераётгани таъкидланди.
Бугунги кунда «Ўздонмаҳсулот» АК тизимида 44 корхона фаолият юритади. Ҳудудларда уларга қарашли 25 филиал, ун ишлаб чиқарувчи тегирмон, нон цехи, макарон, омихта ем, ёрма ва уруғлик донни қайта ишловчи цехлар мавжуд. Улар томонидан 2018 йилда таққослама нархларда 2,5 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 108,8 фоизга кўпдир. Жумладан, ўтган йили 1 миллион 472 минг тонна ун, 923 минг тонна омихта ем, 67 минг 500 тонна нон ва нон маҳсулоти, 28 минг 800 тонна макарон маҳсулоти ҳамда 13 минг тонна ёрма ишлаб чиқарилди.
Тадбирда соҳа мутахассислари 2018 йилда соҳада амалга оширилган ишлар, жорий йилдаги режалар хусусида атрофлича маълумот берди.
– Якунланган йилда қуввати 105 минг тоннага тенг бўлган 3 омихта ем цехи, қуввати 96 минг тонна бўлган 2 тегирмон цехи замонавий технологиялар асосида модернизация қилиниб, ишга туширилди, – дейди «Ўздонмаҳсулот» АК инвестиция ва янги технологияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Узоқов. – Шунингдек, ишлаб чиқариш қуввати 22,5 минг тоннани ташкил этувчи “Косон дон”, “Учқўрғондонмаҳсулотлари”, “Охангарон дон” ва “Дунё-М” каби жами 5 омихта ем ишлаб чиқариш цехи ташкил этилди. Шу билан бир қаторда қуввати 44 минг тонна бўлган “Қорақалпоқдонмаҳсулотлари”, “Тахиатош дон маҳсулотлари”, “Чимбой дон” ва “Тўрткўл дон маҳсулотлари” каби шоли цехи ҳам аҳолига хизмат қилмоқда.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилгани ҳисобига 2018 йилда 715 миллион сўм маблағ иқтисод қилинди. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 16 минг тоннага ошди. Тизимдаги маънан ва эскирган ускуналарнинг 423 таси янгиларига алмаштирилиб, қўшимча 95 иш ўрни яратилди.
«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси 2019 йилда қиймати 16,4 миллион доллар бўлган 12 инвестицион лойиҳани амалга оширишни режалаштирган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва бошқа вилоятларда 10 та тегирмон цехи ҳамда 2 та янгича тайёрланадиган омихта ем цехи илғор технологиялар асосида модернизация қилинади. Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши ҳисобига йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 58 минг тоннага кўпаяди. Тизимдаги эскирган 925 ускуна янгиларига алмаштирилади.