Жавоҳир Сиддиқовга қитъанинг грант клубларидан таклифлар бор

Эртага БААда давом этаётган қитъа чемпионатида миллий терма жамоамиз дастлабки ўйинини ўтказади. Унда қўқонлик Жавоҳир Сиддиқов дебют ўйинини ўтказиши мумкин

Жавоҳир Сиддиқов сўнгги икки, айниқса, ўтган йилги мавсумда эл олқишига сазовор бўлди. Чаққон ҳаракатлари, чиройли финтлари билан мухлислари ҳурматини қозонди. Айни пайтда БААда давом этаётган Осиё чемпионатида миллий терма жамоамиз сафида илк бор майдонга тушиши кутилаётган Жавоҳирга ортда қолган йилнинг ўзида четдан “совчилар” чиқа бошлади. Буни унинг бош мураббийи Нўъмонжон Ҳасанов ҳам тасдиқлаб турибди.

Водийлик ҳамкасбларимизга интервью берар экан, Нўъмонжон Жавоҳир Сиддиқов ҳақида шундай деди:

– Жавоҳирнинг мақсади четга кетиш. У анча улғайди ва истеъдодли футболчи бўлиб етишди. У маблағни биринчи ўринга қўядиганлардан эмас. Унга пулдор жойлардан таклифлар чиқяпти, лекин у футболчи сифатида янада ўсишни хоҳлаяпти. Биринчи навбатда мамлакат миллий терма жамоамизга кўпроқ фойдаси тегишини истаяпти. Ваҳоланки, унга Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони каби мамлакатларнинг энг кучли клублари жиддий таклиф билан чиқишяпти. Ўзи ҳам интервью берганида одоб сақлаган ҳолда чиройли гапларни айтяпти. У кетса ҳам биз билан маслаҳатлашиб кейин кетмоқчи. Шунинг ўзи ҳам унинг тарбиясидан дарак беради.

a5adf4f0-1051-40e9-b405-5df675a16f8f.jpg
5b68f616-32d6-4e31-af3a-8fd56fd3dc1f.jpg
498e9609-1188-436d-a004-94aa92eaecbd.jpg
78162b3a-4f95-47e7-82f2-3db1f9396970.jpg

 

Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА