Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимининг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда “Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисида”ги Низом лойиҳаси кенг жамоатчилик ўртасида кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Ҳужжат лойиҳасида қарздор жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи банк пластик карталаридан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда сўзсиз ундириб олиниши назарда тутилгани эътирозларни келтириб чиқарди.
Мазкур қарор лойиҳаси бўйича кенг жамоатчилик томонидан билдирилган эътироз ва таклифлар ўрганилганда, лойиҳа пухта тайёрланмагани, Давлат солиқ қўмитаси раҳбариятининг таклифлари ва тавсиялари инобатга олинмасдан ҳамда келишилмасдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилгани аниқланди.
Низом лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Давлат солиқ қўмитаси раҳбариятининг дастлабки муҳокамасида жисмоний шахсларга қулайлик яратиш мақсадида:
– ўз мажбуриятларини бажаришларида сервис хизматини кўрсатиш;
– давлат солиқ инспекциясига ташриф буюрмасдан солиқларни тўлаш имкониятини яратиш;
– уларнинг ёзма розилиги (келишув) асосида пластик карталаридан ҳар ойда келишилган маблағларни солиқ тўлашга йўналтириш назарда тутилиши белгиланган эди.
Аммо Низом лойиҳасида юқоридаги норма қайд этилмаганлиги аниқланиб, лойиҳа ишлаб чиқилишида йўл қўйган камчиликлар ва масъулиятсизлиги учун Давлат солиқ қўмитасининг масъул бошқарма бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан Низом лойиҳаси қайтадан кўриб чиқилмоқда ҳамда унда жисмоний шахсларнинг банк карталаридан маблағларни ундириш фақатгина уларнинг розилиги асосида амалга оширилиши белгиланади.