Экологик партия Ўзбекистонга нима учун керак? (+видео)

Пойтахтимиздаги Халқаро савдо марказида ўтказилаётган Ўзбекистон экологик партияси таъсис съездида ушбу янги тузилманинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни ҳақида фикр юритилмоқда. 
– Хорижий давлатлар амалиётида экология соҳасидаги сиёсий партиялар жамият ҳаётида муҳим ўринга эга. Дунёнинг 100 га яқин мамлакатида экологик партиялар фаолият олиб боради, – дейди Ўзбекистон экологик партияси таъсис съезди делегати Эркин Омонов. – Уларнинг аксарияти мамлакат сиёсий майдонининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида вакиллик органларига ўринлар эгаллаш вазифаларини қўйиб, парламентда ўз олдидаги муштарак мақсадларни давлат сиёсати даражасида илгари сурадилар.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, мазкур янги экологик партия олдида катта ва масъулиятли ишлар турибди.
Мамлакатда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, аҳоли учун қулай экологик шароит яратиш ва ноёб табиатни сақлашга жамиятнинг барча кучларини сафарбар қилиш, ҳудудий ва маҳаллий экологик ва фуқаролар соғлигини муҳофаза қилиш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, жамиятда экологик маданият даражасини кўтариш сингари долзарб вазифалар шулар жумласидандир. Умид қиламизки, мазкур янги партия ёшларни табиат ва унинг ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган экологик ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, Орол денгизи инқирозининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида амалий натижаларга эришади.

 

Моҳигул Қосимова, Ёқуб Мелибоев, ЎзА​​