Халқ таълими тизимидаги таҳририятлар бирлаштириладими?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига муҳокама учун қўйилди. 

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги «Бошланғич таълим» журнали таҳририяти» Давлат корхонаси, «Тил ва адабиёт таълими», «Преподавание языка и литературы», «Lаnguage and literature teaching» журналлари таҳририяти» Давлат корхонаси, «Халқ таълими» журнали таҳририяти» Давлат корхонаси, «Маърифат» ва «Учитель Узбекистана» газеталари таҳририяти» Давлат корхонаси, «Тонг юлдузи» газетаси таҳририяти Давлат корхонаси, «Класс» газетаси таҳририяти Давлат корхонаси, «Ғунча» журнали таҳририяти Давлат корхонаси ва «Гулхан» журнали таҳририяти Давлат корхонаси базасида ягона юридик шахс шаклида «Халқ таълими нашриётлари» давлат унитар корхонаси сифатида ташкил этилиши кўзланган.

Мазкур қарор Президентимизнинг тегишли қарори билан тасдиқланган «2018 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури»нинг 18-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ушбу қарор лойиҳасида «Халқ таълими нашриётлари» ДУКнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилмоқда.

 

ЎзА