2019 йилги режаларга бағишланган матбуот анжумани

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида“ги қарорининг аҳамияти, йил давомида соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда 2019 йилги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 
Маданият вазири Б.Сайфуллаев ва бошқалар юртимизда халқимизнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, маданият ва санъат масканларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар, эзгу ташаббуслар ҳаётга жорий этилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилнинг 28 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида“ги қарори қабул қилинганди. Ижод эркинлиги, маданиятлараро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик, инсон ҳуқуқлари, миллий ва умумбашарий қадриятларни ҳурмат қилиш ва маданиятлар хилма-хиллигини сақлаш, маданият ва санъат бўйича таълим-тарбиянинг тизимлилиги, илмийлиги ва давомийлигини таъминлаш, соҳани янада ривожлантириш бўйича бажариладиган ишларнинг оммавийлиги ва очиқлигига эришиш кабилар мазкур концепциянинг асосий мақсадлари сирасига киради.
Моддий ва номоддий маданий мерос, музейлар, театр, кино ва цирк, мусиқа санъати, эстрада, рақс, тасвирий ва амалий санъат, маданият ва истироҳат боғлари ҳамда маданият марказлари, соҳа ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, маданият туризми каби йўналишларни қамраб олган ушбу концепция миллий маданиятимиз тараққиётида туб ижобий ўзгаришларни кўзда тутгани билан аҳамиятлидир. Унинг доирасида маданият ва аҳоли дам олиш марказлари негизида маданият марказларини ташкил этиш, давлат буюртмаси асосида тарихий спектакллар яратиш, театр биноси қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, музейларнинг “Виртуал музей“ базаси, Ўзбекистон музейлари ягона портали яратилади.
Концепцияга асосан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси“га кўра, ранг-баранг фестиваллар, ижодий танловлар ўтказиш, “Саҳродаги қасрлар“, “Сармишсой қоятош расмлари“, “Хонбанди“, “Зараутсой қоятош расмлари“, “Қадимий Термиз“ объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш чораларини кўриш, “Ўзбекистон номоддий маданий мероси“ тўпламини чоп этиш, ноёб миллий мусиқа асарларидан иборат фонотекани яратиш режалаштирилган.
Анжуманда қайд этилганидек, йил давомида юртимиз маданий ҳаётида кўплаб унутилмас лойиҳалар, концертлар, учрашувлар, мусиқа кечалари ташкил этилди. Бир қатор давлатларда “Ўзбекистон маданияти кунлари“, миллий санъатимизга бағишланган концертлар муваффақиятли ўтказилди. Жаҳоннинг номдор санъаткорлари, театр, рақс жамоаларининг дастури ҳамюртларимиз учун ўзига хос унутилмас туҳфа бўлди. Шаҳрисабзда ўтказилган халқаро мақом санъати фестивали мусиқий меросимизнинг бор гўзаллигини дунёга намойиш этди. Очиқ осмон остидаги концертлар, юртимизнинг турли ҳудудларида бўлиб ўтган “Open air“ мусиқий дастурлари нозик дидли ихлосмандлар, хорижлик сайёҳларга ғоят манзур бўлди.
Матбуот анжуманида моддий ва номоддий маданий меросни асраш, музейлар ишини такомиллаштириш, маданият ва санъат соҳасидаги халқаро ҳамкорлик, кадрларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш ва бошқа масалалар юзасидан истиқболли режалар хусусида батафсил маълумот берилди.

 

Н.Усмонова, ЎзА