Пенсияга неча ёшдан ​чиқилади?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга” эканлиги қайд этилган.
Шундай экан, бугунги кунда фуқароларга пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш ишлари қандай ва қай тартибди бажарилмоқда?
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан маълум қилишларича, иш стажига эга бўлган фуқароларга пенсияларни тайинлаш ва иш стажига эга бўлмаган қарияларга ижтимоий нафақаларни тайинлаш тизими шартли равишда иккига бўлинади.
Бунда пенсионерларга пенсия тўловлари учун маблағлар, асосан бугунги кундаги иш берувчиларнинг Пенсия жамғармасига тўлаётган ижтимоий тўловлари ҳисобидан амалга оширилади.
Фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкин.
Масалан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил, аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда эга бўлади.
Пенсия ёшига етиб, зарурий иш стажига эга бўлмаган, лекин камида 7 йиллик иш стажи мавжуд бўлса, бор стажига мутаносиб равишда тўлиқсиз миқдорда ёшга доир пенсия тайинланади. Тўлиқсиз ёшга доир пенсиянинг миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
Давлат пенсиясини тайинлаш учун иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ижтимоий нафақалар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади. У Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорларини ошириш тўғрисидаги фармонига мувофиқ қатъий миқдорларда белгиланади.
Мисол учун, ёшга доир нафақалар эркакларга – 65 ёшга етганларида ва аёлларга – 60 ёшга етганларида ҳамда иш стажлари 7 йилдан кам бўлганда тайинланади. Ёшга доир ижтимоий нафақанинг миқдори (2019 йил 1 январь ҳолатига) – 243 300 сўмни ташкил этади.
2019 йилда бирор бир турдаги пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш тартиби бекор бўлмаган ҳамда барча тўловлар ўрнатилган тартибда ҳар ойнинг 27-санасига қадар тўлиқ амалга оширилади.

 

Сайёра Шоева, ЎзА