Ўзбекистонда транспорт тизими бўйича ягона электрон портал яратилади​

Мамлакатимизда туризмни миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини оширишни таъминловчи стратегик тармоқлардан бири сифатида ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Виза режимининг либераллаштирилиши, чет эл фуқароларини рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилиши, туризм тармоғини ривожлантириш учун имтиёз ва преференциялар берилиши бунга яққол далилдир. Буларнинг барчаси миллий туризм салоҳиятини ички ва ташқи бозорларда самарали тарғиб қилиш имконини берди. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш мақсадида транспорт соҳасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида мавжуд транспорт инфратузилмалари таъмирланиб, янги объектлар барпо этилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига турли манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уч ой муддатда давлат-хусусий шериклиги асосида автобус, авиа ва темир йўл рейсларни қулай тарзда боғловчи йўл чипталарини сотишни назарда тутувчи республика транспорт тизимининг ягона электрон порталини ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Фармонга кўра, янги портал унинг ишончли ва ошкора ишлашини таъминловчи технологик “блокчейн”га асосланади.

 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА