Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб келган Аҳмет Башар Шеннинг дипломатик ваколати тугади. Ўзбекистонда 2016 йилдан бери Туркия элчиси вазифасини бажариб келган Аҳмет Башар Шен 25 ойлик фаолияти ҳақида қисқача ЎзА мухбирига интервью берди.
“ЎЗБЕКИСТОНДА ИСЛОҲОТЛАР ДАВОМ ЭТИШИ КЕРАК”
Мен Ўзбекистонда икки йил ишладим. Бу вақт оралиғида ўзбек тилини, маданиятини ўргандим ва бир қанча вилоятларга сафар қилдим. Ўзимни Ўзбекистонда ҳеч қачон хорижлик сифатида ҳис қилмаганман. Бу ерни ўз уйимдек биламан. Мен элчилик қилган икки йил Туркия ва Ўзбекистон алоқаларининг янгиланиш даврига тўғри келди. Бу вақт оралиғида кўп нарса ўзгарди. Айниқса, икки давлат раҳбарларининг учрашиши, стратегик ҳамкорлик, қардошлик муносабатлари мустаҳкамланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундан кейин 2019 йилдан бошлаб ушбу ўрнатилган стратегик ҳамкорликнинг натижаларини кўрамиз. Бундан умидларимиз катта. Имзоланган шартномаларни икки тарафдан Президентлар бошқаради ва вазирлар бир-бири билан учрашадилар ва ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳаракатни давом эттирадилар.
Ҳар йили Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо ҳажми 20-30 фоизга ошиб бормоқда. 2018 йил якунида савдо ҳажми 2 миллиард долларга етди. Мен Ўзбекистонга келганимда Туркиянинг 400 га яқин компанияларининг ваколатлари бор эди, айни вақтда улар сони 700 дан зиёддир. Ўзбекистондаги шароитни ўрганаётган инвесторлар ҳам анчагина. Энергия соҳаси бўйича ҳам инвесторлар келган. Улар айни соҳада янги қонунлар, ислоҳотлар амалга ошишини кутмоқда. Шунингдек, Ургут тумани, Ангренда ишлаб чиқариш бўйича янги заводлар қуришни режалаштирган бир қанча инвесторларимиз ҳам бор. Шуни айтиш жоизки, 2018 йилнинг ярмига келиб Туркия иқтисодида рўй берган ўзгаришлар сабаб инвесторлар ташқарига у қадар кўп чиқмади. Шунинг учун Ўзбекистонга турк инвесторларининг келиши кўлами катта бўлмади.
Ўзбекистонда катта ислоҳотлар амалга ошмоқда ва улар давом этиши керак. 2019 йилда ислоҳотларнинг самаралари инвесторлар кўламига таъсир этиши шубҳасиз. Икки давлат ўртасида 50 дан ортиқ шартномалар имзоланган, бу келгусида алоқаларнинг ривожланишига замин бўлади.
Яна бир яхши янгиликлардан бири Ўзбекистон фуқаролари учун Туркияда 90 кунгача визасиз тартибда юриш имкони яратилгани бўлди.
“ВОДИЙНИ ЖУДА ЯХШИ КЎРАМАН”
Биз икки қардош давлатлармиз. Мен Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Икки йил давомида ўзбек тилини ҳам ўргандим. Ўзбекистонликлардек самимий ва меҳмондўст инсонларни ҳеч қаерда учратмаганман. Бу диёрда оилага бўлган муносабатни жуда ҳурмат қиламан. Сизларда оилага катталарга ҳурмат жуда кучли. Шунингдек, оилаларда ёшлар тарбияси, уларга бўлган муносабатни ҳам алоҳида этиб ўтишни истардим.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмет Шен икки йил давомида ўзбек тилини ўрганишга алоҳида аҳамият берди. У Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети филологи ёрдами билан ўзбек тилидан дарс олди. Бу дипломат сифатида фаолият юритаётган давлат маданиятига бўлган ҳурмат белгисидир. Интервью якунида “Мен Ўзбекистонни севдим. Ўзбекистонда мендан аввал ишлаб кетган элчи ҳам “Ўзини Ўзбекистонинг энг яқин дўсти”, деб билади. У ҳозир Туркия ташқи ишлар вазирлигида ишлайди. Туркияда Ўзбекистонинг энг яқин дўсти деб билувчилар мана энди улар икки нафар бўлди. Мен Ўзбекистоннинг энг яқин дўсти бўлиб қоламан”, дейди Аҳмет Башар Шен.
Маълумот ўрнида: Аҳмет Башар Шеннинг ўрнига, Меҳмет Сурейя Эр Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб келиши айтилмоқда.
Анора Содиқова, ЎзА