Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили – халқаро ОАВ нигоҳида

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар халқаро экспертлар эътирофига сазовор бўлмоқда. Халқимиз ҳаётидаги ана шу ўзгаришлар жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилиши мунтазамлик касб этиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 декабрь куни 2018 йил якуни ва 2019 йилнинг истиқболли режалари юзасидан мамлакатимиз парламентига тақдим этган Мурожаатномаси ҳақида CA-News Марказий Осиё янгиликлар портали мақола эълон қилди.
“Президент Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни мамлакат парламенти олдидаги Мурожаатида 2019 йилни Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилди”, дейилади унда.
Хабарда қайд этилишича, Президентимиз томонидан кириб келаётган йилга ушбу номнинг берилиши Ўзбекистонда 2018 йилда бошланган инвестициявий лойиҳа ва дастурлар ижросининг мантиқий давомидир. Мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни жалб этишдан мақсад Ўзбекистонда яшайдиган ҳар бир фуқаронинг яшаш шароитини яхшилашдан иборатдир.
Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси юзасидан Озарбайжоннинг Trend.Az ахборот агентлиги “Ўзбекистонда 2019 йил Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилинди” номли хабар эълон қилди. Унда Президентимизнинг мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни жалб этишдан кўзланган мақсад, соҳада эришилган ютуқлар ва истиқболлар юзасидан мулоҳазаларига эътибор қаратилган.
“Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, 2019 йилда мамлакатда 138 триллион сўмлик сармоялар ўзлаштирилади. Бу 2018 йилга нисбатан 16 фоиз зиёд. Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 4,2 миллиард долларни ташкил этади, бу 2018 йилга нисбатан 1,5 баравар кўпдир”, дейилади хабарда.
Мақолада 2019 йилда Ўзбекистонда 142 та замонавий корхонани ишга тушириш режалаштирилгани қайд этилган.

 

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА