Ўзбекистонда тўқимачилик ускуналари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида Ҳиндистоннинг “Rimtex Industries” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда тўқимачилик ускуналари учун импорт ўрнини босувчи бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи янги корхона ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасидан маълум қилишларича, учрашувда лойиҳани амалга ошириш муддатлари, янги маҳсулотнинг МДҲ мамлакатларига экспортини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Янги корхона 2019 йилнинг иккинчи чорагида “Ангрен” ЭИЗ ҳудудида фаолият бошлаши кутилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бундай ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд эмас. Тўқимачилик ускуналарини импорт қилиш ҳажми эса 3 миллион долларни ташкил этмоқда.

“Rimtex Industries” компанияси 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Ҳиндистонда тўқимачилик ускуналари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялардан саналади. Компания дунёнинг 55 мамлакатида ўз ваколатхоналарига эга.

 

Роман Бондарчук, ЎзА