Малайзия Хоразм вилоятига йирик миқдорда инвестиция киритади

Инвестицияларни жалб қилиш мамлакатда иқтисодий юксалишни таъминлашнинг асосий омили ҳисобланади. Буни бугунги кунда кўплаб давлатларнинг ташқи сиёсий фаолиятида айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилаётгани мисолида кўриш мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар мамлакатимизда фаол инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун қулай шароит яратишга йўналтирилганини қайд этиш жоиз. Ўз навбатида, бу Ўзбекистонда иқтисодий ривожланишни таъминлаш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодиётнинг саноат секторига энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш имконини бермоқда. Шунингдек, янгича бошқарув усуллари ва иш ўринларини яратишга хизмат қиляпти.

Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспорт ҳажмларини янада ошириш, саноат ва инфратузилмаларни модернизация қилиш учун хорижий инвестициялар, илғор технологиялар ҳамда илм-фан ютуқларини фаол жалб этиш, юртимизга сайёҳлар оқимини кенгайтириш бўйича тизимли иш олиб борилмоқда. Жумладан, юртимизга Малайзиядан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қатор лойиҳалар бошланган.

Малайзия билан дипломатик муносабатлар 1992 йил 21 февралда ўрнатилган. Ушбу мамлакат Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги яқин ҳамкорларидан ҳисобланади. Айни пайтда мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги дипломатик миссиясига Равшан Усмонов раҳбарлик қилмоқда.

Ўтган даврда элчихона сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш йўлида қатор ишларни амалга оширди. Бунинг натижасида жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ушбу мамлакатга экспорт ҳажми 206 фоизга ўсди.

2018 йилда савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, 1 ноябрь куни Тошкент шаҳрида сўнгги беш йилда илк маротаба Малайзиянинг ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси раҳбарияти бошчилигидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва импортёрлари ташриф буюрди. Унинг доирасида ташкил этилган Ўзбекистон – Малайзия ишбилармонлари бизнес-форумлари ўтказилди.

Бундан ташқари, 2018 йилда мамлакатимизнинг бизнес салоҳиятини ўрганиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, қолаверса, эркин иқтисодий зоналарда истиқболли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш мақсадида Малайзиянинг Ташқи савдони ривожлантириш – “SMITA“ ассоциацияси томонидан ишбилармон доира вакилларининг иккита ташрифи амалга оширилди. Ушбу музокараларда Хоразм вилоятининг “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида истиқболли лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу ҳаракатлар самарасида Малайзиянинг “Серба Динамик” компанияси “Ҳазорасп” ЭИЗ ҳудудида тўлиқ экспортга йўналтирилган каустик сода ва суюқ хлор ишлаб чиқариш заводини барпо этиш ташаббуси билан чиқди. Умумий қиймати 250 миллион АҚШ долларига баҳоланган лойиҳа йилига 33 минг тонна каустик сода ва 30 минг тонна суюқ хлор ишлаб чиқариш имконини беради. Корхонада йилига 100 миллион долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Давлатимиз раҳбари яқинда Хоразм вилоятига ташрифи чоғида мазкур лойиҳанинг самарадорлиги, экспорт имкониятлари билан қизиқди, компания вице-президенти билан шу ҳақда суҳбатлашди.

2022 йилда ишга туширилиши режалаштирилган корхона учун “Ҳазорасп” ЭИЗ ҳудудидан 15 гектар ер майдони таклиф қилинган. Лойиҳа доирасида Германиянинг илғор технологиялари ўрнатилади. Корхонанинг асосий хомашё манбаи Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги Борсакелмас туз кони бўлиб, туз захираси 17,2 миллиард тоннани ташкил этади. Иккинчи йирик кон Қўнғирот туманидаги Қораумбет туз кони ҳисобланади.

Малайзиянинг Хоразм вилоятидаги инвестиция дастурлари қандолат маҳсулотлари, тиббий косметология хизматлари кўрсатишда инновацион эстетик марказ ташкил этиш, тайёр тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш масалаларига ҳам тааллуқли.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси ушбу сайёҳларни жалб этиш борасида ҳам мулоқотлар олиб бормоқда. Бу юртимизда зиёрат туризмини ривожлантиришда катта имкониятдир.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА