Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов бошқарди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросининг бориши тўғрисидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Президент қарори асосида Марказий сайлов комиссияси тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда тасдиқланган Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган барча вазифалар ўз муддатида ва изчил ижро этилмоқда.
Марказий сайлов комиссиясининг янги ташкилий-штат тузилмаси тасдиқланиб, унинг регламентини ва котибият низомини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилди. Марказий сайлов комиссиясининг олий юридик маълумотга эга бўлган доимий асосда ишловчи комиссия аъзолари ва котибият ходимларига мартаба даражалари бериш тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда тасдиқланди.
2018 йилда Марказий сайлов комиссияси 24 та мажлис ўтказиб, 38 қарор қабул қилди. Шунингдек, қонун ижодкорлиги йўналишида Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Ҳукумат портали ва Марказий сайлов комиссияси сайтида эълон қилинди. Ҳудудларда 278 тадбирлар ўтказилди, уларда 30 мингдан зиёд фуқаро иштирок этди ва 400 дан ортиқ таклифлар билдирилди.
Марказий сайлов комиссияси Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) каби халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйди, хорижий мамлакатлар сайлов органлари билан алоқалар мустаҳкамланди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг вакиллари Фиджи Республикасида бўлиб ўтган БСОА Ижроия кенгашида, Италия Республикасида Европа Иттифоқининг Венеция комиссияси сессиясида ва Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро конференция ишларида иштирок этди. Комиссия вакиллари МДҲ ва ШҲТ миссиялари, БСОА экспертлари таркибида Россия Федерацияси, Туркманистон, Озарбайжон, Малайзия, Жанубий Корея, Туркия, Латвия, Арманистонда бўлиб ўтган президент ва парламент сайловлари ҳамда референдумларида халқаро кузатувчи сифатида қатнашди. Бундан ташқари сайлов ҳуқуқи соҳасидаги миллий экспертларимиз Сербия ҳамда Корея Республикасида ташкил этилган ўқув-тренингларида қатнашди.
Йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил биринчи ярмига мўлжалланган устувор йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан, Парламентда қабул қилинадиган Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини аҳоли ва махсус ижрочиларга етказиш, 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловларига тайёргарлик кўриш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар режалари тузиб олинди. Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, аҳолининг электорал фаоллигини ошириш, сайлов органлари ходимларининг касбий маҳоратини юксалтиришга қаратилган чоралар кўриш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш каби йўналишлар асосий вазифалар сифатида белгиланди.
Шунингдек, Хоразм вилоятида бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайлови бўйича бўлиб ўтган қўшма мажлисда сайланган Ф.Эрмановни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси этиб рўйхатга олиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси фаолиятига тааллуқли барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.