Президентимизнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасини руҳланиб тингладим. Минг бора имоним комилки, бугунги Мурожаатномани кўрганлар, эшитганлар, ўқиганлар буюк Ўзбекистон келажагини ҳис этди. Ана шунинг учун кўпчилик қатори мен ҳам руҳланиб томоша қилдим.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқини буюк бобокалонимиз Имом Бухорий ҳазратларининг “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси берилади” деган фурмаъно сўзлари билан бошлади. Ҳаёлимдан ўтгани шу бўлди-ки, Мурожаатномада белгиланган ҳар бир дастур ва режалар шахсан Президентимизнинг кўпдан юрагига туйган ниятларидир.
Мен Президентимизнинг “Менга ватанпарвар ходимлар керак. Ватанпарвар бўлса бас, ишни ўзим ўргатиб оламан” деган қанотли гаплари доимо ёдимда тутаман. Ҳа, давлатни ватанпарвар одам ривожлантиришга қодир. Буни икки йил ичида Ўзбекистоннинг қанчалик даражада ҳар томонлама ривожланиб кетганидан англаш қийин эмас.
Ватанимиз равнақига бугунги Мурожаатнома янги даврни бошлаб бергандек бўлди, гуё. 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дея ном берилди. Бунинг замирида ҳар бир ҳудудда инвестицион муҳит яратиш орқали одамларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтиришга эришиш, мамлакатимиз иқтисодий жиҳатдан тараққиётини янги босқичга кўтариш каби юзлаб эзгу мақсадлар турганлигини яхши англаб етмоқдамиз.
Мурожаатномада белгиланган ҳар бир дастур ва режалар ҳақида кўпдан кўп фикрлар, муносабатлар билдириш мумкин.
Барча соҳалар қаторида Давлатимиз раҳбарининг экологик хавфсизлик масаласига ҳам катта эътибор қаратиб, биринчи навбатда, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш зарурлигини алоҳида қайд этиб ўтганлиги, сув доимо ҳаёт ва мамот масаласи саналган биз қорақалпоғистонликлар учун муҳим воқеа бўлди.
Давлатимиз раҳбари Сув хўжалиги вазирлигига 2019 йилда минтақадаги давлатлар экспертлари билан биргаликда Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиши лозимлигини кўрсатиб ўтди.
Демак, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бу Оролбуйи минтақасида яшовчи аҳолининг деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиш имкониятининг кенгайишига, энг муҳими ҳудуд аҳолиси ҳаёт фаровонлигининг ошиб боришига хизмат қилади.
Бугун халқимиз БМТнинг Оролбуйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги буйича кўпшериклик Траст фонди ташкил этилганлигидан, ушбу хайрли иш Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилганлигидан минг-минг марта миннатдор.
Муҳтарам Президентимизнинг ўз Мурожаатномасида “Биз Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун БМТ Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш ҳамда БМТнинг бошқа институтларидан, ҳамкор давлатлардан миннатдормиз. Биз бор куч ва имкониятларимизни ишга солиб, Оролбўйидаги вазиятни яхшилаш бўйича ҳаракатларимизни янада кучайтирамиз“ деган қанотли сўзлари бизни доимо ҳамжиҳатликда, ўзимиз, фарзандларимиз келажаги учун экологик вазиятни юмшатиш йўлида бор куч ғайратимизни аямасдан эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.
Президентимиз Орол масаласини бот-бот такрорлаб, жаҳон ареналарига олиб чиқяпти. Муаммони ечишга аниқ амалий қадамлар бошланди. Кўп бўлгани йўқ, аллақачон Оролнинг қуриган майдонидаги 7 минг гектардан ортиқ ер “яшил қоплама”лар билан қопланди. Бир вақтлари минглаб кишиларни иш билан банд қилган, кейинчалик қаробаханага айланиб, талон-тараж бўлган Мўйноқда балиқ консерва заводи қайта барпо қилиняпти. Шунинг билан бутун мўйноқликларда катта умид учқунлари уйғоняпти. Ҳозирда Қорақалпоғистоннинг қайси туманига борсангиз, биринчи Сизни қурилаётган йирик корхоналар кутиб олади. Шу пайтгача консерва заводидан бошқа биронта завод ёки фабрика қурилмаган Мўйноқга бугун катта инвестициялар кириб келмоқда. Масалан, хитойлик инвесторлар маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда умумий қиймати 46 млн долларлик қамишдан қурилиш материалларини ишлаб чиқарадиган корхона барпо қилмоқчи. Мўйноқда кўллар кўп ва бу кўлларда қамиш кўп. Шу пайтгача шу қамишлар ёқиб юбориларди. Энди бу қамишлар одамлар манфаатига хизмат қилади. Германиялик мутахассислар Мўйноқда қуёш станциясини қуришга қарор қилди. Энди Мўйноқ тумани қуёшдан энергия олади.
Бу амалга оширилаётган ишлар давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш бўйича таклифининг амалдаги исботи бўлмоқда.
Рауаж Отарбаев,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари.